Каттақўрғон шаҳар прокуратурасидан ибратли ташаббус
Иқтидорли ва билимдон тенгдошлари билан беллашиш имконияти йўқлиги уларда турли мусобақаларда қатнашиш иштиёқини уйғотмаган.
Каттақўрғон шаҳар прокуратураси таҳлилларига кўра, бугунги кунда шаҳарда ўзлаштириши паст, профилактик ҳисобда турувчи ва мактаб ички назоратига олинган 818 нафар ўқувчининг қизиқишига мос, уларни рағбатлантирадиган тўгарак ва танловлар мавжуд эмаслиги аниқланди. Иқтидорли ва билимдон тенгдошлари билан беллашиш имконияти йўқлиги уларда турли мусобақаларда қатнашиш иштиёқини уйғотмаган.
Шу сабабли Каттақўрғон шаҳар прокуратураси бу тоифадаги ўқувчилар ўртасида мактаб ва шаҳар босқичидан иборат бўлган “Мен энг яхши, энг жамоатчи, энг фаол ўқувчи бўла оламан” кўрик-танловини ўтказиш ташаббусини билдирди. Шаҳар ҳокимлиги, халқ таълими бўлими эса буни қўллаб-қувватлади ва амалий ёрдам берди.
Бу айни вақтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлашнинг бир кўриниши ҳам бўлди.

Танловнинг мактабларда ўтказилган дастлабки босқичида 818 нафар ўқувчи қамраб олинди. Улар китобхонлик, билим, спорт ва бошқа йўналишларда ўз имкониятларини намоён этди. Бу ўғил-қизлар орасидан 54 нафар ғолиб ўқувчи танловнинг кейинги, шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Шаҳар босқичида ўқувчилар ўзларини “Мен ўқиган китоб”, “Мен севган асар”, “Ўз истеъдодингни намойиш эт” йўналишида синаб кўрди. Бошқа тенгдошларидан кам бўлмаган тарзда танловда фаол қатнашди. Шу боис ғолибларни аниқлаш осон бўлмади.
– Биз бу ташаббусни бошлаганимизда танлов бунчалик кенг кўлам касб этишини тасаввур қилмагандик, – дейди Каттақўрғон шаҳар прокурори Ш.Жумаев. – Мактаблар ўқитувчилари ва ўқувчиларнинг ота-оналари, яқинлари танловни жуда кўтаринки кайфиятда қабул қилди. Болаларни қўллаб-қувватлашди, ўзларини кўрсатишлари учун рўҳлантиришди. Муҳими, танлов сабаб бўлиб кўплаб ўқувчиларнинг юриш-туриши, ахлоқи, ўқишга муносабати ўзгарди. Бизнинг ҳам асосий мақсадимиз шу эди аслида.
Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўзгача ташкил этилди. Каттақўрғон драма театрига ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, ўқитувчилар, шаҳар жамоатчилиги вакиллари таклиф этилди. Эътиборлиси, ғолиб ўқувчиларни тақдирлаш, табриклаш учун Каттақўрғонга таниқли шоир ва ёзувчилар, халқимиз эъзозидаги театр ва кино актёрлари, олимлар, истеъдодли ёшлар келди.
– Аввало, тадбир муқаддас даргоҳ – театр биносида ўтказилаётгани катта аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. – Яна бир муҳим жиҳати, бу ўқувчиларни прокуратура, ҳокимлик ва бошқа яна бир қатор ташкилотлар, бутун шаҳар жамоатчилиги қўллаб-қувватлаяпти, олқишлаяпти. Бундай тадбирлар республика миқёсида кенг оммалаштирилиши керак, деб ўйлайман.

Танловда фаол иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллаган ўқувчиларга учта компьютер жамланмаси топширилди. Учта иккинчи ўрин эгалари телевизор, учинчи ўринни эгаллаган ўқувчилар эса планшет билан тақдирланди. Бошқа иштирокчиларга ҳам кийим-кечаклар, китоб ва бошқа эсдалик совғалари берилди.
– Шу пайтга қадар вақт қадри нима эканлигини тўлиқ англаб етмагандим, – дейди танлов ғолиби Севара Турсунова. – Бу танлов эса менинг қарашларимни ўзгартирди. Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиш учун нималарга эътибор қаратиш кераклигини ўргатди. Энди бундан буён олдимга қўйган мақсад сари қатъий ҳаракат қиламан. Кўпроқ ўқийман, изланаман, яна ҳам фаол бўлишга интиламан.