“Катта еттилик”ка катта умид билдирилмоқда...
Россия-Украина
Япония Бош вазири Фумио Кисида фикрича, Украина атрофидаги зиддият узоқ давом этадиган жараёнга ўхшайди. Шунинг учун ҳам “Катта еттилик” саммити Киевни қўллаб-қувватлашга содиқ қолиши зарур. Кисида бу ҳақда “NHK” телеканали мухбири билан суҳбатда айтган.
МАГАТЭ ва Швейцария май ойида Украинадаги АЭСлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоқани фаоллаштирди, деди Швейцариянинг БМТдаги доимий вакили Пьер Гобе. Дипломат батафсил тафсилотдан бош тортди, дейилади хабарда.
“Reuters” хабарига кўра, МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси май ойи охиригача Запорожье АЭСда хавфсизликни таъминлаш бўйича БМТ Хавфсизлик кенгашига расмий ҳужжат киритиши кутилмоқда.
БМТ Бош котиби вакили Стефан Дюжаррик баёнотига кўра, ташкилот ўз Низомига, Бош ассамблеянинг халқаро ҳуқуққа оид резолюцияларига мувофиқ, Украина низосини ҳал этишга қаратилган ҳар қандай тинчлик ташаббусини қўллаб-қувватлайди.
АҚШ Украина зиддиятини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича Президент Владимир Зеленский маъқуллаган барча ташаббусларни қўллайди. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик коммуникация бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби маълум қилди. “Ташаббуслар амалга ошадиган, пишиқ-пухта, барқарор бўлмоғи лозим”, деган у.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг фикрича, қарши ҳужум бўйича тезкор қарорни Украинанинг ўзи қабул қилади, Шимолий Атлантика альянси бу борада зарур кўмак беришда давом этади.
– Украинага кўп қурол-аслаҳа, ўқ-дори зарур, воситалар тури эса вазиятга қараб ўзгариб турибди, – қўшимча қилди Бош котиб.
Венгрия Европа тинчлик жамғармасидан Украинага 500 миллион евро миқдоридаги ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги қисми берилишига қарши чиқди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Америкалик конгрессменлар давлат қарзи билан боғлиқ муаммо туфайли Қўшма Штатлар келажакда Украинани молиявий қўллаб-қувватлай олмаслигидан хавотир билдиришмоқда. Бу ҳақда “Politico” газетаси хабар берди.
Бундестаг мудофаа ишлари қўмитаси раиси Мари-Агнес Штрак-Циммерман Киевга маҳаллий қирувчи самолёт ёки “Tornado”, “Eurofighter” етказиб берилишига қарши чиқди. Бу ҳақда у “Deutschlandfunk” радиостанцияси билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, Украинага “МиГ-29” ёки “F-16” етарли.
Киев Ғарб мамлакатларидан 40-50 дона “F-16” қирувчи учоғи олиши керак. Бу ҳақда “Politico” нашри Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси Юрий Сакка таяниб маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, Буюк Британия, Италия, Франция ва Германияда “F-16” йўқ, аммо Киев учун улар АҚШ ва Туркияга мурожаат қилиши мумкин.
Америка маъмурияти Конгресс аъзолари орасидаги партиявий қарама-қаршиликка қарамай, Украинага ёрдам беришда давом этади. Бу ҳақда исмини очиқламасликни истаган расмий “The New York Times” газетасига айтган.
Аброр ХОН,
ЎзА