“Касблар танлови” ғолиблари тақдирланди
“Ёшлар форуми – 2024” доирасида ўтказилган “Касблар танлови” маҳалла ёшлари учун ўз касбий маҳоратларини намоён этиш имкониятини яратди.
Танловнинг республика босқичида маҳалла ёшлари новвойлик, дизайн, электромонтаж, пайвандчилик ва қурилиш устачилиги йўналишларида ўз маҳоратини синовдан ўтказди.

Ҳар бир йўналишда энг муносиб иштирокчилар аниқланди.
Танловнинг биринчи босқичида 5 та касблар бўйича жами 201 минг 108 нафар ёшлар лойиҳада иштирок этди.

Иккинчи босқич, яъни “Касблар танлови”нинг секторлараро туман (шаҳар) босқичларида ҳар бир туман (шаҳар)дан жами 47 минг 200 нафар ёшлар лойиҳада иштирок этди.
Учинчи босқич туман (шаҳар)лараро ҳудудий босқич бўлиб, у 5 та касб бўйича ташкил этилди. Бунда туман ва шаҳарлардан жами 1 минг 40 нафар ёшлар ўз қобилиятларини синовдан ўтказди.

Танлов натижаларига кўра, 55 нафар фаол иштирокчи 5 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланган бўлса, 3-ўринни қўлга киритган ёшлар 20 миллион сўм, 2-ўринга 30 миллион сўм ҳамда 1-ўрин соҳиблари 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА