Касбий ва ахлоқий масъулият: янги кодекс – янги мезонларга қадам
Хоразмда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон журналистларининг касбий этикаси кодекси»лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унинг асосий мақсад ва вазифаларига бағишланган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими мутахассислари, ҳудудда фаолият юритаётган тажрибали журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, муҳаррирлар, ижодкорлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Мазкур муҳим мавзу доирасидаги йиғилишда бугунги глобаллашув ва жадаллашиб бораётган ахборот маконида журналистнинг жамият олдидаги масъулияти, касбий одоб меъёрларига амал қилиши, ахборот тарқатишда холислик, ҳаққонийлик ва адолат тамойилларига таяниши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими раиси Дилбар Бекчанова очиб берди ва сўзга чиқди. У мазкур кодекс лойиҳасининг яратилиш зарурати, унинг журналистика соҳасидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ахборот олиш ва тарқатиш имкониятлари ниҳоятда кенгайган, интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар журналистик фаолиятнинг ажралмас қисмига айланган. Бундай шароитда журналистдан нафақат тезкорлик, балки ҳар бир хабар ва материал учун юксак масъулият, касбий ҳалоллик ҳамда ахлоқий мезонларга қатъий риоя этиш талаб қилинади.
Шундан сўнг йиғилиш иштирокчилари “Ишонч” газетасининг вилоятдаги мухбири Муҳаббат Тўрабоэва, “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бўлим мудири Оллаберган Ражабов, “Ҳаёт кўзгуси” газетаси муҳаррири Меҳрибон Тиллаева, “Ҳуррият” газетаси вилоятдаги мухбири Феруза Тангриберганова ва бошқалар кодекс лойиҳасининг алоҳида бандлари бўйича фикрлари, ҳужжатда белгиланган тамойиллар юзасидан ўз амалий тажрибалари ва таклифларини билдирдилар.

Хусусан, журналистик материалларда холислик ва ҳаққонийликни таъминлаш, ахборот манбаларини текшириш, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслик, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш, муаллифлик ҳуқуқига риоя этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокамаларда, айниқса, ҳудудий журналистика фаолиятига дахлдор жиҳатларга алоҳида урғу берилди.
Қайд этилганидек, вилоят ва туманларда фаолият юритаётган журналистлар аҳолининг кундалик ҳаёти, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим ўрин тутади. Шу боис журналистнинг ҳар бир чиқиши, мақоласи ёки репортажи нафақат ахборот бериши, балки жамоатчилик фикрини шакллантириш, ижтимоий масъулиятни кучайтириш ва муаммоларга ечим топишга хизмат қилиши лозим.
Иштирокчилар томонидан кодекс лойиҳасини амалий фаолият билан янада уйғунлаштириш, унда замонавий интернет журналистикаси, ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиш маданияти, сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишда муаллифлик ва ахборот ишончлилиги билан боғлиқ масалаларни ҳам эътиборга олиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, журналистнинг танқидий чиқишлари билан шахсий манфаат ёки бирор томоннинг таъсири остида тайёрланган материаллар ўртасидаги фарқни аниқ белгилаш, танқидий материалларда далилларга таяниш, фикр билдиришда мувозанатни сақлаш ва холис муносабатни таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Муҳокама давомида бир муҳим жиҳат алоҳида таъкидланди: журналистнинг касбий эркинлиги унинг масъулиятидан ажралган ҳолда намоён бўла олмайди. Эркин фикр, мустақил позиция ва танқидий ёндашув журналистиканинг муҳим белгиси бўлса, ҳаққонийлик, холислик, инсонпарварлик ва касбий одоб ана шу эркинликнинг маънавий мезонидир.
Йиғилиш якунида билдирилган фикр ва таклифларни умумлаштириш, уларни кодекс лойиҳасини янада такомиллаштириш жараёнида инобатга олиш муҳимлиги қайд этилди.
Дарҳақиқат, журналистнинг обрўси унинг қаламидан чиққан сўзнинг таъсир кучи билангина эмас, балки шу сўз ортидаги ҳақиқат, масъулият ва виждон мезонлари билан ҳам белгиланади.
Ахлоқ-одоб кодекси эса журналистнинг касбий фаолиятида ана шу қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятнинг оммавий ахборот воситаларига бўлган ишончини ошириш ва миллий журналистика нуфузини юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим ҳужжатдир.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири