Касбий таълим тизим ходимлари ягона спорт майдонида бирлашди (+видео)
Касбий таълим агентлиги марказий аппарати ва тизим ташкилотлари ходимлари ўртасида “Директор кубоги” спорт мусобақасининг республика финал босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақа ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда жамоалар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилди.
Мусобақада жами 16 та жамоа спортнинг бешта тури — мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича ғолиблик учун баҳслашди. Икки кун давом этган беллашувлар давомида иштирокчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, спорт маҳорати, чаққонлиги ва ғалабага бўлган интилишини намоён этди. Ҳар бир баҳс қизғин ва муросасиз кечиб, жамоалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини юзага келтирди.
Мусобақанинг асосий мақсади нафақат спортдаги ғолибларни аниқлаш, балки ходимларни жисмоний фаолликка кенг жалб этиш ва жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Якуний натижаларга кўра, Самарқанд вилояти касбий таълим бошқармаси жамоаси барча спорт турлари бўйича умумжамоа ҳисобида юқори натижани кўрсатиб, мусобақанинг энг асосий соврини — “Директор кубоги”ни қўлга киритди.
Шунингдек, спортнинг барча йўналишлари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, улар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Мусобақада ўз маҳорати, фаоллиги ва алоҳида натижалари билан ажралиб турган иштирокчилар ҳам махсус номинациялар бўйича эътироф этилди.
“Директор кубоги” спорт мусобақаси Касбий таълим агентлиги марказий аппарати ва тизим ташкилотлари ходимларини ягона спорт майдонида бирлаштириб, улар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бундай ташаббуслар келгусида ҳам соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва жамоаларда спорт маданиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
М.Турдалиева, О.Давронов,
А.Аҳмедов. ЎзА