Касбим – ёрқин келажагим
Фарғона вилояти Олтиариқ туман 2-сон касб-ҳунар мактабида “Касбим – келажагим пойдевори” шоири остида касблар фестивали ва очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.
Унда тумандаги умумтаълим маетабларининг 9-синф битирувчилари, иш берувчилар ҳамда ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди. Тадбир давомида иштирокчилар ва битирувчи синф ўқувчилари касб-ҳунар ўрганишлари учун яратилган шароитлар, ўқувчилар томонидан яратилган ижодий ишлар, дарсдан ташқари вақтларда шуғулланиш мумкин бўлган қўшимча касблар билан яқиндан танишдилар.

Касб-ҳунар мактаби ўқувчилари ва ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ҳамкорлигида “Ақлли светофор” қурилмаси яратилиб, амалиётга татбиқ этилганлиги барчада қизиқиш уйғотди. Асосийси, битирувчиларнинг мазкур касб-ҳунар мактабида ўқиш истагини билдиргани педагогик жамоанинг ютуғи сифатида эътироф этилди.

–Пайвандлаш йўналишида таҳсил оламан. Бугунги тадбирда бу касбга талаб юқорилиги, иш ҳақи ҳам яхшилигини таъкидлашди. Бир неча корхонага таклиф қилишди. Дипломни олгач, албатта улардан бирида ишлаш ниятидаман, – дейди Абдуллоҳ Раимов.

– Компьютер тармоқлари операторлиги йўналишини битиряпман. Замонавий касб бўлгани учунми бир йўла учта ташкилотдан таклиф тушди. Бизга мукаммал билим берган устозларимизга раҳмат айтмоқчиман, – дейди Мафтунахон Шарипова.
М. Сулаймонов, ЎзА