Касбидан фахр туйган аёл
– Газ хўжалиги қоидаларига риоя қилиш масъулиятли вазифаси эканлигини истеъмолчиларга доимий айтиб келаман, – дейди у суҳбат жараёнида. – Тўғри, хавфсизликни таъминлаш асосий мақсадимиз, аммо бунга барчамиз бирдек ҳаракат қилсак, ҳеч қандай бахтсиз ҳодисалар келиб чиқмайди. Мен ишимни жуда яхши кўраман.
Қарийб 20 йиллик иш тажрибаси эга қаҳрамонимиз бугун жамоадошлари орасида ўз ҳурматига эга. Газ таъминотида ишини назоратчиликдан бошлаган. Устозлар кўмагида соҳадаги тажрибасини оширди. Бугунга эса шогирдлари бисёр, энди ўзи устоз.

– Қайси вазифада бўлмасин доимо масъулият билан ишлашга ҳаракат қиламан, – дейди чилангар опа. –Ишимиз шуни тақозо этади. Чунки мақсад битта – аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш. Баъзи истеъмолчилар хавфсизлигига жуда бефарқ. Хонадонларда бўлганимизда газ жиҳозларининг техник кўригини ўтказишга қаршилик қилишади, киритишмайди. Шундай пайтлар жуда қийин бўлади, аммо бу қийинчиликлар бизни янада кучлироқ меҳнат қилишга ундайди.

Иш жараёни билан танишар эканмиз Муборак опанинг ўз ишига садоқатли эканига яна бир марта гувоҳ бўлдик. У аёл, нозик хилқат. Аммо ишига бўлган меҳри гоҳида устунлик қилади. Қўллари қавариб, қора мойлар изини чизса ҳамки, унинг масъулияти кучини кўрсатади.


Касбининг жонкуяри бугун меҳнати ортидан роҳат кўриб келмоқда. Оилада ҳам меҳрибон она. Неваралар завқи билан тўлиб яшаётган бахтли аёл ҳамдир.
Зариф Комилов,
ЎзА