Касб ҳунарли киши ишсиз қолмайди
KOICA халқаро компанияси Шофиркон туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож, ночор оилалар бекалари, ишсиз ва даромадсиз қолган хотин-қизларни касб-ҳунарли қилишда ҳамкорлик қилмоқда.
Корея компанияси грантлари асосида 2022 йил январь ойидан бошлаб уч йиллик шартнома асосида фаолият юритиб келаётган “Шофиркон хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” да шу кунга қадар алоҳида тоифаланган, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” га киритилган 500 нафардан зиёд фуқаро ўқиб, муайян касбга эга бўлди. Бу марказда тикувчилик, аёллар сартарошлиги, гулчилик, пазандалик курсларида 3 ой, уй ҳамширалиги, бизнес кўникмалари курсларида 6 ойлик ўқув курсларини битирганлар ишли ва даромадли бўлишига кафолат бор.

Марказда ўқиб, касб-ҳунар ўрганишга талабгорларни саралашда туман ҳокимлиги Оила ва хотин-қизлар бўлими алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Бунда умумий жараён, ўқув машғулотларининг сифат ва самарадорлиги мунтазам назорат остида. Оғир турмуш шароитига тушиб қолган эҳтиёжманд хотин-қизга ўзлари истаган ва марказда таклиф қилинаётган курслар бўйича кўникма олишларига шароит яратилмоқда. Қолаверса, илк фаолиятни бошлашида зарур меҳнат қуроллари, инвентарларга эга бўлишлари учун уларга туман ҳокимлиги томонидан имтиёзли кредит ва субсидия маблағи ажратилмоқда.


Шунингдек, оғир аҳволга тушиб қолган, руҳий-маънавий кўмакка муҳтож хотин-қизларга марказда ташкил қилинган ижтимоий мослашув ва реабилитация хонасида туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи, ички ишлар, адлия, суд-ҳуқуқ тизими масъул ходимларининг сайёр қабуллари мунтазам ташкиллаштириб борилмоқда. Мазкур ижтимоий мослашув хоналарида олий тоифали психолог Замира Ашурова томонидан тренинглар, туман оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясининг низолашган оилаларни яраштирув тадбирлари доимий ташкиллаштириб келинади.


Маълумот учун, 2021 йил 17 сентябрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги вакиллари томонидан умумий бюджети 400 минг АҚШ долларига тенг, “СOVID-19” пандемиясидан зарар кўрган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича Меморандум имзоланган.


Келишув меморандуми асосида айни кунга қадар Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Хўжалар”, Шофиркон туманидаги “Қалмоқон” ҳамда Когон туманидаги “Хўжа Якшаба” маҳаллаларида “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари” ташкил этилган.
Зариф Комилов, ЎзА