Касб-ҳунар ва чет тиллари ўргатилади
Каттақўрғон шаҳрида ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларга касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларни ўргатишга мўлжалланган “Ишга марҳамат” мономаркази очилди.
Марказ очилишига бағишланган тадбирда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Баҳодир Умрзоқов, Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, бундай масканлар аҳолининг ишсиз қатлами бандлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.
– Самарқанд шаҳрида 2021 йилда очилган биринчи мономарказда шу пайтгача минглаб фуқаролар касб-ҳунар ўрганиб, жамиятда ўз ўрнини топишга эришди, – деди Э.Турдимов. – Бундан ташқари, марказда чет тилларини ўрганиб, хорижга ишга бораётган ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлаган юртдошларимиз ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда. Эндиликда Каттақўрғонда шундай маскан фаолият бошлаши вилоятимизнинг мазкур ҳудуди аҳолиси учун катта қулайлик яратди. Бундай марказларни ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсадимиз нафақат ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиб, сертификат бериш, балки уларнинг меҳнат бозорига рақобатбардош мутахассис бўлиб кириб боришини таъминлашдир.
[gallery-14579]
Мономарказ қурилиши ва жиҳозланиши учун 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Бу ерда Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон, Нуробод туманларининг ишсиз фуқаролари касб-ҳунарга ўқитилади. Марказда йилига 2000 нафар фуқаро касбларнинг мураккаблик даражаси асосида ишлаб чиқиладиган ўқув дастурларига мувофиқ 2 ойдан 6 ойгача ўқиб, касб-ҳунар ўрганади. Битирувчиларга эгаллаган билимлари учун меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштириган сертификат берилади.
– Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мазкур мономарказда ишсиз фуқаролар 15 та хизмат кўрсатиш, 8 та техник, 4 та қишлоқ хўжалиги ва 2 та рақамли технология йўналиши бўйича касб-ҳунар, 5 та хорижий тилни ўрганиши мумкин, – дейди Самарқанд вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Темур Маҳмудов. – Уларга малакали мутахассислар, ўз брендига эга тадбиркорлар сабоқ беради. Ўқув -машғулот хоналари, устахоналар энг замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Эндиликда вилоятимизнинг саккиз туман, шаҳрида яшовчи юртдошларимиз бу ерга келиб ўқишлари мумкин. Узоқ ҳудудлардан келиб ўқийдиган тингловчилар учун ётоқхона мавжуд. Яқин орада мономарказ тингловчилари ва ишлаб чиқариш усталари томонидан тайёрланган маҳсулотларни сотишга мўлжалланган савдо нуқтаси ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Марказнинг очилишида вилоят туман ва шаҳарлари ҳокимлари ҳам қатнашиб, бу ерда яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари