Касб-ҳунар ўрганишга ўзига хос ёндашув
Кейинги йилларда ўқувчиларни олий таълимга қамраб олиш билан бирга уларда касб-ҳунарга бўлган қизиқишни уйғотиш борасида ҳам кўп ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидан бошланган бу тажриба ҳозир мамлакатимизда анча оммалашиб, ўз натижасини бера бошлади.
Жорий 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Тошкент вилоятидаги умумтаълим мактабларида ўқувчиларни бўш вақтида касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти йўлга қўйилди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, барча шаҳар ва туманда намуна сифатида секторлар бўйича 4-5 тадан мактаб танлаб олиниб (жами 92 та мактабда), 2 та хорижий тил ва камида 1 та касб ўрганишга йўналтирилди.

Хусусан, Хитой Халқ Республикаси билан тузилган шартномага асосан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “5-9-синфларда хорижий тил ва информатика фанларини ўқитиш сифатини ошириш” лойиҳаси доирасида ажратилган грант бўйича вилоятдаги 93 та мактабга замонавий компьютер жиҳозлари келтирилган. Мазкур саъй-ҳаракатлар биринчилардан бўлиб Ангрен шаҳрида бошланди. Хусусан, ҳудуддаги 39-умумтаълим мактаби бу борада анча ижобий натижа кўрсатмоқда.
–Ҳозир таълим даргоҳимизда 1 минг 310 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда, – дейди 39-умумтаълим мактаби директори Гулноза Баҳодирова. – Асосан, 5-синфдан бошлаб ўқувчиларга 30 турдаги касб-ҳунар ўргатилади. Тўгараклар фаолиятини ривожлантириш учун малакали мутахассислар жалб қилинган. Ҳозир саватчилик, ҳайкалтарошлик, сартарошлик, тикувчилик, мебель ясаш, тўқувчилик, рассомлик, пазандалик каби тўгаракларга қизиқиш катта. Сабаби ўқувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотнинг сотувдан тушган пуллари болаларга тегади. Бунинг учун шаҳар марказида махсус дўконлар ҳам очилган. Бу ишлардан ота-оналар ҳам хурсанд. Мақсадимиз ёшларнинг бўш вақтини тўғри ташкил қилишдир.

Мазкур мактаб Ангрендаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Технология фани ўқитувчиси Бахтиёр Мирзаевнинг таъкидлашича, мебель ва ёғочсозлик маҳсулотлари ясаладиган тўгаракка болаларнинг қизиқиши катта. Улар дарсдан кейин ҳудуддаги “ROM.UZ” корхонасига бориб, “Устоз-шогирд” анъаналари асосида иш ўрганмоқда. Шу асосида мактабдаги устахонада бошқа болалар билан бирга корхона томонидан берилган 20 турдан зиёд буюртмалар ясалади. Шунга яраша ҳақ тўланади. Қизиғи шундаки, ортиб қолган ёғоч қолдиқларидан қушлар учун уйчалар, стул, китоб учун лавҳ ва бошқа турли маҳсулотлар ҳам тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, инклюзив таълимда Ангреннинг ўз тажриба мактаби бор. Уч йил муқаддам ташкил этилган иккита синфда соғлом болалар билан бирга беш нафар имконияти чекланган ўқувчилар ўқишни бошлаган эди. Ҳозир уларнинг сони 11 нафарга етди. Мактабга келолмайдиган ўқувчиларнинг уйига бориб ҳам дарс ўтилмоқда. Ангрен шаҳар мактаб ва мактабгача таълим бўлими мутахассиси Азиза Сатторованинг айтишича, бу ишлардан ота-оналар ҳам хурсанд. Улар дарсларда қатнашиб, жараёнларни кузатмоқда. Болаларнинг саломатлигини назорат қилувчи тиббий текширувлар ижобий кўрсаткич қайд этмоқда.

Яқинда Япония давлатидан келган мутахассислар ҳам болаларга таълим бериш борасидаги бу тажрибаларни ижобий баҳолади. Жумладан, 18-сонли умумтаълим мактабининг шу йўналишдаги натижалари қувонарли. Имконияти чекланган болалар секин аста тенгдошлари билан бирга ўқимоқда. Бунда тажрибали педагогларнинг фаолиятини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
А.Мусаев, ЎзА мухбири