Касб-ҳунар ўрганганга стипендия ҳам тўланади
Булунғур туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактаби негизида Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси томонидан ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш марказида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди.
– Ўқув масканида ҳозирча тикувчилик, компьютер саводхонлиги ва уй (меҳмонхона) хўжалиги хизматчиси йўналишлари бўйича курслар фаолияти йўлга қўйилди, – дейди Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборов. – Келгусида туманда мавжуд талабдан келиб чиқиб, бошқа йўналишлар бўйича ҳам фуқаролар касб-ҳунарга ўргатилади. Умуман, бугун барча туман ва шаҳарларда шундай масканларни ташкил этиш кўзда тутилган. Бу курсларда ўқиган юртдошларимизга ўзини ўзи банд қилган ҳолда фаолият олиб бориши учун бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатилади.

Қисқа муддатли ўқув курсларига тумандаги ишсиз ва банд бўлмаган 50 нафар фуқаро жалб қилинди. Улар бепул касб-ҳунарга ўргатилади ва ўқиган даври учун стипендия тўлаб берилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА