Касб-ҳунар мактабларига қабул давом этмоқда
Мамлакатимизда 2022-2023 ўқув йили учун касб-ҳунар мактабларига қабул жараёни давом этмоқда.
Бу йил Фарғона вилоятидаги 32 та касб-ҳунар мактабларига 37 та йўналиш бўйича умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирган 7 минг 990 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган.

Таъкидлаш керак, бугунги кунга қадар умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар мактаблари ҳамкорлигида ўқувчиларнинг касбий қизиқишларини аниқлаш ҳамда касбга йўналтириш мақсадида очиқ эшиклар куни, учрашувлар, турли тадбирлар ўтказилди. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирларда 12 минг нафардан ортиқ ўқувчилар касб-ҳунар мактабларида ўқиш истагини билдирган.
Фурқат туманидаги касб-ҳунар мактабида қабул жараёни намунали тарзда ташкил этилмоқда. Таълим муассасасида ўқиш истагини билдирган ўқувчилар ўз ота-оналари ёки мактаб психологи ҳамроҳлигида ҳужжатларини топширмоқда.
–Бу йил мактабимизга 4 та йўналиш бўйича 210 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган, – дейди касб-ҳунар мактаби директори Шаҳзодахон Абдуллаева. – Ташриф буюрувчилар учун барча шароит яратилган. Қабул комиссияси аъзолари улар билан суҳбатлашиб, ўқувчиларнинг ҳужжатлари қизиққан йўналиши бўйича қабул қилинмоқда.

Касб-ҳунар мактабларига ўқувчилар ўзлари танлаган касблар бўйича 1-20 июль кунлари ҳужжат топширишлари мумкин. Шунингдек, ўқувчилар онлайн тарзида, масофадан туриб ҳужжат топшириши ҳам мумкин.
М.Сулаймонов, ЎзА