Касаба уюшмалари куни кенг нишонланди
Инсон қадри, аввало, унинг меҳнатига берилган баҳо, ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоялангани муносиб ҳаёт кечириши учун яратилган шароитларда намоён бўлади. Ана шу мезонлар устувор бўлган жамиятда касаба уюшмаларининг ўрни беқиёс. Сирдарёда меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва инсон қадрини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ишлар Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган байрам тадбирида яна бир бор эътироф этилди.
11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Сирдарё вилоятида «Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари» шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Гулистон шаҳридаги «Наврўз» тантаналар уйида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фахрийлар кенгаши раиси Адҳам Миржалилов, Федерация вакиллари, вилоят кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов, соҳа раҳбарлари, касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлар иштирок этишди.
Тадбирда мамлакатимизда касаба уюшмалари тизимини ривожлантириш, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Сирдарё вилоятида эришилаётган натижалар хусусида сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда: «Ҳеч шубҳасиз, биз эришаётган натижаларда 8 миллион аъзога эга, энг халқчил ва катта нодавлат ташкилоти бўлган касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор».
Дарҳақиқат, бу эътироф замирида касаба уюшмаларининг халқ ҳаётига тобора чуқур кириб бораётгани, инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг дарду ташвишларига ҳамдард бўлиш ва эл-юрт хизматига камарбаста туришдек эзгу мақсадлар мужассам.
[gallery-32392]
Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 216 минг нафар аъзони бирлаштирган 1 400 дан ортиқ бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари фаолият юритмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ўтган даврда 187 нафар ишчи-ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига қарийб 1,5 миллиард сўм маблағ ундириб берилди. Бу рақамлар ортида ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаган, меҳнатига яраша ҳақ олган ва ижтимоий адолат қарор топишига эришган юзлаб инсонларнинг тақдири мужассам.
Меҳнат муҳофазаси йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 45 та корхона ва ташкилотда ходимларнинг ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган 650 дан зиёд камчилик аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Бу эса иш жойларида хавфсизлик талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги тизимли ишларнинг амалий самарасидир.
Касаба уюшмалари фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши — ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мазмунли дам олишини ташкил этиш ҳамда соғломлаштиришдир. Жумладан, ёзги мавсумда вилоят бўйича 2 минг нафардан зиёд боланинг оромгоҳларда мазмунли ҳордиқ чиқариши ташкил этилди. Шунингдек, 1 400 нафардан ортиқ ходим ва уларнинг оила аъзолари, 8 нафар байналмилал уруш ва меҳнат фронти фахрийси тизимга қарашли сиҳатгоҳларда имтиёзли асосда соғломлаштирилди.
Бундан ташқари, «Аёллар дафтари» тизими доирасида мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда қарийб 28 минг нафар хотин-қизнинг муаммоларини фуқаробай ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш борасида ҳам муҳим ишлар олиб борилмоқда. Бу ташаббуслар касаба уюшмаларининг нафақат меҳнат жамоаларида, балки жамият ҳаётидаги долзарб ижтимоий масалаларни ҳал этишда ҳам фаол иштирок этаётганини кўрсатади.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров тадбирда сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан самимий табриклади. У ўз нутқида касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб ҳамда хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Байрам тадбирида соҳада самарали меҳнат қилиб, касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган фаоллар ҳам эътироф этилди. Хусусан, 5 нафар бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раисига вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари, тармоқ касаба уюшмаларининг фаол ва ташаббускор вакилларига эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгашининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тақдирланганлар орасида Боёвут туманидаги 19-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ҳам бор. Мактабда таълим-тарбия ишлари билан бир қаторда, атроф-муҳитни ободонлаштириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида ҳам ибратли ташаббус амалга оширилмоқда.
— Бир йил муқаддам муҳтарам Президентимиз касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувда «Касаба уюшмалари боғлари»ни ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эдилар. Бу ғоя бизга ҳам катта рағбат бағишлади. Мактабимиз ҳудудида мавжуд боғимиз ёнига алоҳида касаба уюшмаси боғини ташкил этдик. Ҳудудимизнинг иқлим шароити, тупроқ унумдорлиги ва кўчатларнинг ўсиш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда 15 турдаги манзарали ва мевали дарахтларни танладик. Эътиборлиси, кўчатларни сотиб олмадик, балки уруғдан етиштириб, ўзимиз парваришладик.
Бугун мактабимиз ҳудудида етиштирилган кўчатлар сони 15 мингдан ошди. Вояга етган кўчатларнинг бир қисмини сотувга чиқариб, қўшимча даромад ҳам оляпмиз. Кўчатчилик боғимиз ва касаба уюшмаси боғи алоҳида йўналишларда фаолият юритади. Касаба уюшмаси боғини яратишда жамоамизнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳиссасини қўшди. Шу боис ҳам ҳамкасбларимиз бу масканни «ўзимизнинг боғимиз» дея фахр билан тилга олишади.
Бугунги байрамда мактабимиз жамоаси «Энг фаол касаба уюшмаси жамоаси» номинацияси бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ташаккурномаси ва эсдалик совғаси билан тақдирланди. Бу эса бизга янада куч ва рағбат бағишлади. Бошлаган эзгу ишларимизни давом эттириб, атрофни яшилликка буркаш, касаба уюшмаси боғини янада ривожлантириш ниятидамиз. Зеро, инсондан келгуси авлодларга яхши амаллар, эзгу сўзлар ва боғ-роғлар мерос қолади. Бизнинг мақсадимиз ҳам ана шундай хайрли ишлар билан из қолдириш, — дейди мактаб директори Муҳтарам Ҳасанова.
Дарҳақиқат, мактаб жамоасининг ушбу ташаббуси касаба уюшмалари фаолиятининг яна бир муҳим қиррасини намоён этади. Зеро, бугун экилаётган ҳар бир кўчат келажак авлод учун соғлом муҳит, обод маскан ва эзгулик рамзи бўлиб хизмат қилади.
Байрам тадбири меҳнат фахрийлари ва касаба уюшмалари фаолларига кўрсатилган эҳтиром, самимий табриклар ҳамда бадиий чиқишлар билан давом этди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА