Касаба уюшмалари – инсонга наф келтириш олий саодат
Сўнгги йиллар мамлакатимизда касаба уюшмалари тизими фаолиятини ривожлантириш, уни ишчи-ходимларнинг, айниқса, халқнинг дард ва ташвиши, орзуси, ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини биладиган, амалий ёрдам бера оладиган тузилмага айлантиришда ўзига хос давр бўлди.
Бугунги Наманган вилоятида ўнга яқин тармоқларда 2 минг 230 касаба уюшма ташкилотига бирлашган 400 мингга яқин ходим ва талаба ёшлар бўлиб, уларнинг меҳнат ва ҳуқуқий муносабатлари ҳимояга олинган.
– Ҳар ойнинг иккинчи сешанба куни вилоят кенгаши масъул ходимлари янги ташкил этилган бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатишга жалб этилади. Бу эзгу анъана эса фаолиятимизда муваффақиятларга омил бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят Кенгаши раиси Ҳасанбой Хўжаев. – Жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар натижасида вилоятдаги барча бўғин касаба уюшма ташкилотлари томонидан 2037 та нодавлат сектори корхона ва ташкилотларида касаба уюшмалари ташкилотлари тузилди ҳамда уларда ишловчи 21 мингга яқин ходимлар касаба уюшма аъзолигига қабул қилинди.

Жумладан, 323 та корхона ва ташкилотларда 527 нафар пенсия ёшидаги ходимига кексалик нафақасига чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш ишлари учун 208,8 миллион сўм маблағ сарфланди. 287 корхона ва ташкилотда 460 нафар ходим юбилей саналари муносабати билан 205,1 миллион сўмлик қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ишламайдиган пенсионерлар, ногиронлиги бўлган ва ўзгалар қаровига муҳтож кишиларга ҳамда оналик таътилидагиларга моддий ёрдам кўрсатиш касаба уюшмалари фаолиятида муҳим ўрин тутмоқда. Айни шундан келиб чиққан ҳолда, уларга тегишли корхона ва касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан 127,1 миллион сўмлик мадад берилди. 915 корхона ва ташкилотда ишловчи 2 минг 542 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларига 354,1 миллион сўм, икки мингдан ортиқ эҳтиёжманд оила вакилларига 833,5 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Меҳнат жамоаларидаги ўз касбининг фидойилари бўлган 6020 нафар илғор хотин-қизни рағбатлантириш мақсадида 903 миллион сўм сарфланди. “Аёллар дафтари”га киритилган 84 нафар хотин-қизга 42 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Ҳозирга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иш топишда қийналаётган мингга яқин кишининг бандлиги таъминланди. Меҳнаткашларнинг бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ташкил этиш мақсадида 21 минг 500 киши театрга, 627 киши музейларга жалб қилинди.
Касаба уюшмалари тизимида туризмни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг!” дастури доирасида 12 мингдан ортиқ ходимлар ва уларнинг оила-аъзолари, 50 нафар эҳтиёжманд аёл ва 50 нафар ишлаётган пенсионернинг саёҳатлари ташкил этилди.
Ёзги таътил даврида Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Наманган вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 5 минг 400 нафар бола вилоятдаги еттита соғломлаштириш оромгоҳида ҳордиқ чиқарди. Шунингдек, меҳнаткашларнинг санаторийларда дам олдириш ва соғломлаштиришга 5 815,9 миллион сўм сарфланди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Наманган вилояти кенгашига 2024 йилнинг тўққиз ойи давомида келиб тушган 81 мурожаат бўйича 32 ҳолатдаги фуқаролик ишлари юзасидан туманлараро суд мажлисларида қатнашиб, 73 нафар ходим манфаати ҳимоя қилинди. Бунинг натижасида 452 миллион сўм миқдорида иш ҳақидан бўлган ҳақдорлик ва товон пуллари ундириб берилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.