Касаба уюшма фаолларининг маърифат соати кутубхонада ўтказилди
Китоб инсоннинг энг яқин дўсти, сирдоши, вақти келса энг оғир кунида ташлаб кетмайдиган ва бу ҳаёт машаққатларини енгиб ўтишда кўмаклашувчи чин йўлдошдир. Китоб мутолаа қилган инсоннинг маънавий дунёси юксалади, ҳаётга теран нигоҳ билан қарай бошлайди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан ҳам маънавият ва маърифат ишларига алоҳида эътибор қаратилади. Ўтказилаётган маърифат соатларида кишини комилликка элтувчи бир-биридан қизиқарли мавзуларда фикр алмашилади.
Фарғона вилоятидаги Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тармоғи фаоллари иштирокида ўтказилган навбатдаги маърифат соатида ҳам китобларнинг киши ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Лолахон Аҳмедова зиё масканига кирган кишининг кўзи қувониши, кўнгли тўлиши, тафаккури юксалиши аниқлигини таъкидлаб, бу галги маърифат соатининг Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилганида ҳам мажозий маъно борлигини таъкидлади.

Айтиш ўринлики, ушбу зиё маскани мукаммал таъмирдан чиқарилиб, яқинда фойдаланишга топширилди. Айни пайтда кутубхона 350 мингдан ортиқ ахборот-ресурс фондига эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида 300 нафардан зиёд китобхонга хизмат кўрсатади.
Муҳташам кўринишга эга бўлган бинода буккафе, 5 та ўқув зали, илмий-тадқиқот, болалар ва ўсмирларга хизмат кўрсатиш, нодир фотосуратлар бўлимларида жаҳон андозалари даражасида шароитлар яратилди.
Энг нодир китоблар алоҳида талаблар асосида сақланиши ва уларни мутолаа қилиш учун ҳам барча қулайлик мавжуд.
Тадбир иштирокчилари барча бўлимларда бўлиб, маданий ҳордиқ олиш билан бирга, олам-олам таассуротларга эга бўлди. Шунингдек, тадбир иштирокчиси бўлган 100 нафар касаба уюшмаси фаоллари кутубхонага аъзо бўлди. Уларга 3 йил давомида мазкур кутубхонадан бепул фойдаланиш ҳуқуқини берувчи аъзолик гувоҳномалари (ID карта) топширилди.
Интернет ривожлангани билан китоб ва газета мутолаасига бўлган талаб сақланиб қолаверади. Шундан ҳам билиш мумкинки, китобхонлик маданияти юксалаверади.
Шоҳсултон Тўхтаматов