Карманалик пиллакорлар теримни бошлади
Навоий вилояти Кармана туманида ҳам пилла териш бошланди.
Тумандаги Жалойир маҳалласи Юқори Қорақош кўчасида истиқомат қилувчи Ойшахон Эргашева ҳудудда биринчилардан бўлиб бир ой давомида етиштирилган ҳосилни теришни бошлади. Унга қариндошлари, опалари ва овсинлари, қўни-қўшни яқиндан ёрдам бермоқда.

– Етти йилдан буён ипак қурти парваришлайман, – дейди О.Эргашева. – Ўтган йили 1,5 қути ипак қурти олиб, 87 килограмм ҳосил топширган эдик. Бу йил турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашган ҳолда имкониятимизни чамалаб, 2 қути олдик. Бугун етиштирган ҳосилимизни теришни бошладик. Ниятимиз ҳар қутидан 60-65 килограммдан ҳосил териб олиб топшириш.

“Кармана ипак қурти уруғи” МЧЖ тумандаги 5 та маҳалла ҳудудидаги пиллакорларга хизмат кўрсатади. Жорий йилда МЧЖ томонидан 30 касаначи ва 33 та фермер хўжалиги билан шартномалар тузилиб, 488 қути ипак қурти тарқатилди. Мақсад 29 тонна “кумуш тола” йиғиштириб олиш. Бу ўтган йилга нисбатан 1,6 тонна кўп деганидир.

– Тумандаги “Жалойир” ҳудудидаги 5 та маҳаллага хизмат кўрсатамиз, – дейди МЧЖ директори Фарҳод Ҳасанов. – Жорий йилда ҳар бир қути ипак қуртидан ўртача 58 килограммдан ҳосил йиғиштириб олишни режалаштирганмиз. Мавсум аввалида ҳар бир пиллакорга бир қути ипак қурти учун 250 минг сўмдан бўнак пули берилди. Ҳосил териб топширилгач эса ҳар бир килограмм учун навига қараб 40 минг сўмдан 45 минг сўмгача ҳақ тўлаб берамиз. Бу йил озуқа учун муаммо бўлмади. Ҳудудимизда 7,2 гектар тут майдони мавжуд бўлиб, биргина жорий йил баҳор мавсумида пилла озуқа базасини янада яхшилаш мақсадида 90 минг дона тут кўчатлари экилди.
Айни пайтда туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам “кумуш тола”ни териб олиш ишлари давом этмоқда.
Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири