Карманада Осиё ўйинлари ғолиби кутиб олинди
Навоий вилояти Кармана туманидаги Сардоба маҳалласида Осиё ўйинлари чемпиони Умид Эсонов тантанали кутиб олинди.
Маросимда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла аҳли ва ёшлар иштирок этди.

Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида кураш бўйича -81 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Умид Эсонов финалда қозоғистонлик Бекадил Шаимберденевдан устун келиб, Осиё ўйинлари чемпионига айланди.
Тантанада сўзга чиққанлар юртимизда спортга берилаётган эътибор натижасида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида сўз юритиб, чемпионни улкан ғалаба билан табриклашди.

– Бизнинг маҳалламиздан ҳам чемпион чиққанлигидан жуда хурсанд бўлдик, – дейди “Сардоба” МФЙ раиси Нўъмон Зокиров. – Осиё ўйинларида спортчиларимизнинг ҳар бир чиқишини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб бордик. Ғолиблар сафидан жой эгаллаганида улар каби қувондик. Мадҳиямиз жаранглаганда қувончдан кўзларимизга ёш келганлиги ҳам рост. Шунингдек, совриндорлар орасида навоийлик байдаркада эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзоси Шаҳризода Мавлонова, футболчиларимиз Шерзод Эсонов ва Жасур Жалолиддиновларнинг борлиги бизни қувонтирди.

Эслатиб ўтамиз: 2022 йил сўнггида Халқаро кураш ассоциацияси (ИКА) талқинига кўра, йил мобайнида ўтказилган қитъа чемпионати ва жаҳон чемпионатлари ҳамда турли халқаро мусобақалардаги ўзига хос натижаси туфайли Осиё ва жаҳон чемпионлигига эришган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Умид Эсонов “Йилнинг энг яхши спортчиси”, дея эътироф этилган эди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири