“Каркидон” оромгоҳлари дам олувчиларни кутади
Қува тумани ҳудудидаги "Каркидон" сув омбори атрофи кўп йиллардан буён қаровсиз эди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан бу ерда жуда катта бунёдкорлик ишлари бошланди. У туризм масканига айлантирилиб бира тўла ўн минг ички ва хорижий сайёҳ мароқли дам олиши мумкин бўлган мажмуа сифатида қурилди.
Ушбу ҳудудда 57 та замонавий меҳмон уйи, ресторан ва кафе фойдаланишга топширилиш арафасида, 20 дан ортиқ мавжуд дам олиш масканлари қайта реконструкция қилинди, 200 гектар майдонда суғориш тизими ташкил этилиб, 100 мингдан ортиқ ноёб дарахт ва буталар экилди, 48 гектар майдонда сокин ҳудуд, гуллар боғи, 30 гектар майдонда агротуризм мажмуаси, 35 гектар майдонда лавандазор ва шале уйлар ташкил этиш ишлари якунланмоқда.


Бу ишлар бошланганига кўп бўлмади. Лекин бинолар аста бўй кўрсатди. Манзарали дарахтлар кўркамлик бера бошлади. Шу ўринда сув омбори атрофи тошли қир-адирдан, паст-баландликдан иборатлигини алоҳида айтиш лозим. Уларни ободонлаштириш, сув билан таъминлаш учун бир неча тик қудуқлар қазилди. Сўнгра сув қирларга бир неча босқич насосларда кўтарилиб, дарахтзорлар остига томчилатиб суғориш усулида олиб келиняпти.


– Мастер режа 250 гектарга мослаб ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда 60-70 фоиз қурилиш ишлари якунланган. 2027 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади, – дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги лойиҳа бўлими бошлиғи Асилбек Неъматов. –Объектларимиз дам олиш зонаси, ҳар хил турдаги аттракцион, аквапарк, овқатланиш зонаси, болалар ва катталар учун ўйингоҳлар, голф майдонлари, картин, мотозоналар ҳамда чўмилиш зоналарини ўз ичига олади.

Айтишларича, Каркидон дам олиш ҳудуди икки адир оралиғи бўлиб, ҳамиша шаббода. Бағри-дилингиз яйрайди. Бу ердаги дам олиш уйлари бир йилда 750 минг аҳолига хизмат кўрсата олади.
Каркидонда яна бир лойиҳага қўл урдилар.

– Бошқа давлатларда кўзда тутилмаган жиҳат бу 12 гектарда гуллар боғи борлиги. Бунинг муқобили бошқа давлатларда йўқ. Дубайда 6 гектарли гулзор бор, бизники икки баробар кўп, – дейди Асилбек Неъматов.

Саёҳлик марказидаги ўн икки гектарлик гулбоғга дунёнинг энг гўзал, ноёб гул кўчатларини олиб келиш ҳақида шартномалар имзоланди. Хитойлик мутахассислар бу вазифани бажаришда ҳамкорлик қиладилар.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/PKl47rHYIFU?si=NvSPm84ZyA9iprk1" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА