"Карфаген" операцияси: Украина Бош прокуратурасидаги коррупция(+видео)
«Карфаген» операцияси Украина Бош прокуратурасидаги мисли кўрилмаган коррупция схемасини фош этди. Фирибгар колл-марказларни ҳимоя қилган юқори мартабали амалдорлар кимлар?
Колл-марказ аслида одамларга қўнғироқ қиладиган ёки улардан қўнғироқ қабул қиладиган операторлар маркази. Бу ерда келтирилаётган колл-марказ эса одамларни телефон орқали алдаб, пул ундириш билан шуғулланган. Тергов тахминларига кўра, Украина Бош прокуратураси раҳбарларидан бири бошқарган гуруҳ аъзолари фирибгарлик билан шуғулланувчи колл-марказлардан пора олган ва ноқонуний йўл билан топилган пулларни легаллаштирган.
Коррупцияга қарши мустақил идоралар ушбу терговни «Карфаген» операцияси деб атади. Улар ижтимоий тармоқларда гуруҳ аъзоларининг телефон суҳбатлари ёзувлари ва кузатув камералари тасвирлари акс этган видеони эълон қилди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, 2025 йил ўрталаридан бошлаб Бош прокуратуранинг мансабдорларидан бири колл-марказларни ҳимоя қилувчи ва улардан пул олувчи гуруҳ тузган.
Маълум қилинишича, бу колл-марказлар ходимлари Украинава Европа давлатларидаги одамларга қўнғироқ қилиб, турли фирибгарлик схемалари орқали улардан пул ундирган.
Маълумотларга кўра, жиноий гуруҳда «Канцлер» тахаллуси билан ҳаракат қилган Бош прокурор идораси ходими асосий ролни ўйнаган. У «Шеф» деб аталган шахс ҳомийлигида ишлаган.
Коррупцияга қарши идоралар гумонланувчиларнинг исмларини расман айтмаган. Бироқ якшанба куни Украина Олий коррупцияга қарши суди Бош прокуратура Халқаро ҳамкорлик департаменти раҳбари Сергей Крапивани қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. «Украинская правда» нашри ҳам ўз манбаларига таяниб, Крапива терговдаги асосий шахс эканини хабар қилди.
ОАВ маълумотларига кўра, «Шеф» тахаллуси ортида Украина Бош прокурори Руслан Кравченко турган бўлиши мумкин. Кравченко эса бу айбловларни рад этди. У ноқонуний колл-марказларни ҳимоя қилишга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди. У терговда номи тилга олинган Бош прокуратура ходими лавозимидан четлатилганини маълум қилди.
Тергов тахминларига кўра,«Карфаген» операциясида тилга олинган шахслар колл-марказлар фаолиятига аралашмаслик эвазига пора олган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/CUGUjaZm6MU" title="Ukraina Bosh prokuraturasi xodimlari firibgarlikda gumonlanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов, ЎзА