Каратэчиларимиз Қозоғистонда зафар қучди
Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида шинкиокушинкай каратэ бўйича халқаро турнирда ҳамюртларимиз ҳам ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Жамбил вилоятининг ташкил топганига 85 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган ушбу нуфузли мусобақада Марказий Осиё мамлакатларидан келган 200 нафардан зиёд иштирокчи медаллар учун баҳс олиб борди. Унда мамлакатимиз шарафини Мутал Назаров бошчилигидаги "NURHAS" шинкиокушинкай каратэ маркази спортчилари ҳимоя қилди.

Халқаро турнирда Мирзоҳид Холбоев (-30 кг.) ва Саидазиз Асқаров (-35 кг.) ўз ёш тоифаларида олтин медални қўлга киритди. Ўн уч ёшлилар гуруҳида эса Озодбек Абдураупов (+45 кг.) кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Муҳаммадали Назаров (+45 кг.) бронза медали билан тақдирланди. Шунингдек, Мутал Назаров мусобақанинг энг яхши ҳаками дея эътироф этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА