Каратэчиларимиз ғолибликнинг янги саҳифасини очди
Бирлашган Араб Амирликларида каратэ бўйича якунланган жаҳон чемпионати Ўзбекистон спортчилари учун ҳар томонлама омадли кечди.
Дунёнинг 105 давлатидан минг нафарга яқин каратэчилар иштирок этган мазкур жаҳон чемпионатида 8 нафар Токио олимпиадаси ғолиби, ўнлаб қитъа ва дунё чемпионлари Дубай татамиларида жам бўлганлиги нуфузли мусобақанинг нечоғлик шиддатли ўтганлигидан далолат бермоқда.
25-жаҳон чемпионатида каратэ WКФ бўйича миллий терма жамоамиз аъзоси, республика олий спорт маҳорати мактаби спортчиси Достонбек Отаболаев 75 килограмм вазн тоифасидаги барча учрашувларни муваффақиятли ўтказди. Жумладан, бир қатор жаҳон чемпионлари ва олимпия ўйинлари совриндорларини мағлуб этиб, ярим финалда АҚШ вакили Томас Скоттни 3-ўрин билан кифоялантирди. Чемпионат дастурига биноан 20 ноябрь куни Достонбек Отаболаев мисрлик Абдулалзиз Абдулла Мамду билан олтин медаль учун жанг олиб борди. Айтиш лозимки, истеъдодли каратэчимиз финал жангида мисрлик рақибига илк ҳаракатлардаёқ имконият қолдирмади. Баҳснинг бошланиш ҳолатида қўлга киритилган “иппон” ҳамюртимизнинг бутун учрашув давомидаги устунлигини таъминлади ҳамда жаҳон чемпионатининг ғолиби сифатида Ўзбекистон каратэ тарихида янги саҳифа очишга олиб келди.

Мазкур жаҳон чемпионати якунига кўра, умумий медаллар сони бўйича 4 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза эвазига Япония каратэчилари 1-ўриндан жой олган бўлса, 3 тадан олтин ва бронза, 2 та кумуш билан мисрлик каратэчилар 2-ўринни, 2 та олтин ва 3 та кумушли бўлган Испания вакиллари 3-ўринни, Италия, Франция, Сербия вакиллари кейинги поғоналарни банд қилди.
Достонбекнинг ягона олтин медали ҳисобига Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида Грузия каратэчилари билан бир қаторда 9-ўринни қўлга киритди.
Шу ўринда айтиш лозимки, ушбу жаҳон чемпионатида Достонбек Отаболаевнинг олтин медалга мушарраф бўлиши, шунингдек, бир қатор ёш каратэчиларимизнинг ярим финалгача етиб бориши юртимиз спортчилари Марказий Осиё мамлакатлари орасида 1-ўринни, қитъа давлатлари ўртасида Япониядан кейин 2-ўринни, МДҲ мамлакатлари ичида Озарбайжондан кейин грузинлар билан 2-ўринда қайд этилишимизга замин яратди.
Жаҳон каратэ тарихида янги саҳифа очган мамлакатимиз спорт делегацияси 23 ноябрь куни Тошкентга қайтиб келади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА