Карантин даврида ишсизлар сони кўпайдими?
Сир эмас, коронавирус пандемияси сабабли кўплаб фуқаролар вақтинча ишсиз қолди.
Сир эмас, коронавирус пандемияси сабабли кўплаб фуқаролар вақтинча ишсиз қолди. Чет элдан қайтган меҳнат мигрантлари, қолаверса, турли кўнгилочар масканлар, умумий овқатланиш шохобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилиши ҳисобига банд бўлмаган аҳоли сони бир қадар ошди. Шу боис мамлакатимизда ҳозирги вазиятда аҳолининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бу каби саъй-ҳаракатлар Қашқадарё вилоятида ҳам ўзининг ижобий самараларини кўрсатмоқда. Жумладан, бугунги кунда вилоят Бандлик бош бошқармаси томонидан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, субсидиялар бериш ва яна бир қанча йўналишлар орқали 10 мингдан ортиқ ишсизларнинг бандлиги таъминланди.
Хусусан, апрель ойининг ўзида туман, шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 7 минг 366 нафар фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш бўйича иш берувчиларнинг буюртманомалари қабул қилинди. Натижада 4 минг 711 нафар фуқаро маҳаллалардаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига, 1089 нафари ободонлаштириш бошқармаларидаги кўча ва ариқларни тозалаш, дарахт ва деворларни оқлаш юмушларига, 356 нафари санитария-эпидемиологик осойишталик назорат маркази томонидан дезинфекция қилиш тадбирларига, қолган 1566 нафар фуқаро эса бошқа корхона ва ташкилотларга жалб этилди. Аҳамиятлиси, уларни ишга жойлаштиришда иш жойларининг ўз хонадонларига яқинлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Мисол учун, Косон тумани санитария-эпидемиологик осойишталик марказига 20 нафар ишсиз дезинфекция ишларига жалб этилиши натижасида уларнинг ишли, даромадли бўлиши таъминланди. Шу билан бирга туманда дезинфекция қилинадиган ҳудуд кўлами сезиларли даражада ошишига эришилди.
Худди шу ҳолатни Муборак туманида ҳудудларни дезинфекциялаш бўйича қилинаётган ишлар салмоғида ҳам кўриш мумкин. Март ойи охирида фақат туман марказида бўлаётган дезинфекция ишлари бугунги кунда чекка қишлоқларда ҳам тизимли равишда давом эттирилмоқда. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилганларнинг иш ҳақлари ҳар беш кунда пластик карточкаларига ўтказиб берилмоқда.
Бундан ташқари, аҳолини иш билан таъминлашда тадбиркорлик субъектлари билан ўрнатилаётган манфаатли ҳамкорлик ҳам ўз самарасини бермоқда. Масалан, тумандаги “Иброҳим Илҳом” масъулияти чекланган жамиятида Кўҳна шаҳар қишлоғилик 8 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган. Иш ҳақларининг тенг ярми Бандлик жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилаяпти. Бу тадбиркорга ҳам, ишсиз фуқарога ҳам манфаат келтираяпти.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, ҳозирги кунда вилоятда 800 нафарга яқин вақтинча ишсизларнинг бандлиги тадбиркорлар билан ҳамкорликда таъминланган. Улар давлат дастурлари ижроси доирасидаги қурилиш ишларида, ишлаб чиқаришнинг турли йўналишларида меҳнат қилиб, даромадли бўлаётир.
Вилоятда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш ва шахсий томорқа хўжаликларини ривожлантириш учун ажратилаётган субсидиядан фойдаланиш ҳам доимий эътиборда. Айни пайтгача 297 та оиланинг моддий аҳволини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари олиб бериш, қудуқ қазиб бериш ишлари амалга оширилди. Бунинг учун уларга 535 миллион сўм субсидия, яъни қайтарилмайдиган маблағ берилди.
Мисол учун, Муборак туманидаги Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи Гулчеҳра Қурбонованинг 8 сотих ери бор. Аммо суғориш имконияти йўқлиги боис бу ерда бирор нарса етиштириши мушкул эди. Унга ажратилган субсидия эвазига томорқасига суғориш мосламалари ўрнатилди.
Ёки Косон туманидаги Юксалиш маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳиддин Миркамолов томорқасининг 3 сотих жойида томорқа ташкил этгану плёнка ёпишга қийналаётган эди. Унга субсидия ҳисобидан плёнка олиб берилди. Натижада айни кунларда иссиқхонасидаги бодринглар баравж. Ҳадемай, пишиб етилади.
Вилоятда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжаликлари кооперативларини ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Бугунги кунда 22 та кооператив ташкил этиб, уларда 1224 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.