
Бугун ҳар бир инсон спортнинг қайсидир тури билан шуғулланишни истайди. Боиси, спорт соғлиқ гаровидир.
Тошкент шаҳрида яшовчи кар ва заиф эшитувчилар ўртасида туман биринчилиги учун ташкил этилган волейбол мусобақасидан кўзланган мақсад ҳам соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдан иборат.

Мазкур мусобақа Ижтимоий инспекциянинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар Карлар жамияти билан биргаликда ўтказилди.
Карлар жамияти спорт базасида бўлиб ўтган мусобақада Олмазор, Мирзо Улуғбек ҳамда Шайхонтоҳур туманларидан жами 6 та жамоа иштирок этди.

Мусобақа натижаларига кўра 1-ўрин Олмазор туманига, 2-ўрин Мирзо Улуғбек тумани вакилларига ҳамда 3-ўрин Шайхонтоҳур тумани жамоасига насиб қилди.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар қаторида барча иштирок этган спортчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА