Кантон дастурхони: Хитой туризмининг ўзига хос жозибаси
Хитойга сафар қилган хорижлик меҳмон учун мамлакатни англаш фақат тарихий обидалар, замонавий шаҳарлар ёки табиат манзаралари билан чекланмайди. Миллий таомлар ҳам муайян ҳудуднинг тарихи, урф-одати ва турмуш тарзи ҳақида кўп нарса сўзлайди. Шу боис Хитойнинг турли ҳудудларига хос ошхона анъаналари бугун мамлакатнинг туристик салоҳиятини намоён этувчи муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда.
Айниқса, жанубдаги Гуандун провинцияси ва унинг маркази Гуанчжоуда шаклланган кантон ошхонаси ўзининг енгиллиги, маҳсулотларнинг табиий таъмини асраб қолиши, янги масаллиқлардан фойдаланиши ва таъмлар уйғунлиги билан ажралиб туради. Асрлар давомида шаклланган бу анъана бугун дунёнинг турли мамлакатларида Хитой ошхонасининг энг танилган йўналишларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Гуанчжоуда миллий таомларни туризм билан уйғунлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳарда гастрономик йўналишлар, миллий таомлар фестиваллари ва маҳаллий ошхона билан боғлиқ маданий тадбирлар ташкил этилиб, сайёҳларга нафақат таомни татиб кўриш, балки унинг ортидаги маданият билан танишиш имкони яратилмоқда. 2026 йил Хитой Туризм кунининг асосий тадбирлари Гуанчжоуда ўтказилгани ва дастурда “Гуанчжоу таомлари”га бағишланган тадбирлар ҳам ўрин олгани бу йўналишга эътибор кучайиб бораётганини кўрсатади.
Бундай ёндашувнинг аҳамияти хорижий меҳмонларнинг таассуротларида ҳам намоён бўлади. Жорий йил июль ойида Хитойга давлат ташрифи билан келган Намибия Президенти Нетумбо Нанди-Ндайтва Гуандун провинциясига ҳам борди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ташриф дастуридан Гуандун ва Сичуань провинцияларига бориш ҳам ўрин олган.
Хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарларининг Хитойга ташрифлари чоғида маҳаллий ошхона билан танишиши эса бу мамлакат ҳудудларининг туристик ва маданий салоҳиятини намоён этишнинг ўзига хос усулига айланган.
Масалан, 2024 йилда АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен Гуанчжоуга ташрифи давомида кантон ошхонасининг анъанавий таомларидан татиб кўрган. Унинг маҳаллий таомлар ҳақидаги илиқ фикрлари халқаро оммавий ахборот воситаларида ҳам акс этган.

Бундан олдин ҳам Гуанчжоуга ташриф буюрган хорижий меҳмонлар кантон таомларига қизиқиш билдирган. 1986 йилда Буюк Британия қироличаси Елизавета II ва шаҳзода Филиппнинг Хитойга ташрифи доирасида Гуанчжоуда маҳаллий ошхона таомлари тақдим этилган. Бундай мисоллар миллий таомларнинг маданиятлараро мулоқотдаги ўрни тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Кантон ошхонасидаги анъанавий усуллар билан замонавий ёндашувнинг уйғунлиги ҳам унинг жозибасини оширмоқда. Хитойнинг машҳур ошпазларидан бири Ляо Сунсян таъкидлашича, кантон таомларини тайёрлашда асосий мақсад маҳсулотнинг табиий таъмини йўқотмаслик ва уни тўғри усул билан очиб беришдан иборат.
Унинг фикрича, кучли оловда қисқа вақт давомида тайёрлаш орқали маҳсулотнинг табиий шарбати ва хушбўйлигини сақлаб қолиш мумкин. Бунда занжабил, кўк пиёз, гуруч майи каби маҳсулотлар таомнинг асосий таъмини босиб кетмасдан, уни бойитади.
Кантон ошхонасининг яна бир муҳим жиҳати, у доимий равишда янгиланиб боради. Анъанавий рецептлар сақланган ҳолда, турли мамлакатлар ошхонасига хос усуллар билан уйғунлаштирилган янги таомлар ҳам яратилмоқда. Бу эса маҳаллий гастрономик маданиятнинг замонавий туризм талабларига мослашувига хизмат қилмоқда.
Аслида, Хитойда гастрономик туризм фақат Гуанчжоу билан чекланмайди. Мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди ўзининг миллий таомлари, маҳсулотлари ва тайёрлаш анъаналари орқали сайёҳларга ўзига хос маданий манзарани тақдим этмоқда. Пекин, Сичуань, Шэньси, Юньнань, Фуцзянь ва бошқа ҳудудларнинг ошхона анъаналари ҳам мамлакатнинг сайёҳлик жозибадорлигини бойитувчи омиллардан саналади.

Шу маънода, миллий таом бугун оддий дастурхон неъмати эмас, балки ҳудуднинг маданий қиёфаси ва туристик салоҳиятини намоён этувчи воситага айланмоқда.
Гуанчжоу мисолида эса бу жараён, айниқса, яққол кўринади. Чжуцзян дарёси бўйидаги қадимий шаҳарнинг очиқлиги, турли маданиятлар билан узоқ йиллик алоқалари ва бой гастрономик анъаналари бир-бирини тўлдириб, хорижий меҳмонларга Хитойни яна бир томондан кашф этиш имконини бермоқда.
Зеро, баъзан бирор мамлакат ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун унинг тарихи ёки меъморий обидаларини кўришнинг ўзи кифоя қилмайди. Унинг дастурхони атрофида ўтириб, миллий таомларини татиб кўриш ҳам халқнинг маданияти ва қадриятларини англашга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА