
Халқаро дайжест
Ушбу ҳафта Теҳронга ташриф буюрган Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси Эрон ядровий қурол яратишга яқин турганини айтди ва МАГАТE айни мавзудаги ҳар қандай музокарада иштирок этиши шартлигини таъкидлади.
– Эронда бир эмас, бир неча бомба ясаш учун етарли ашё бор, – деди мулозим «Монде» нашрига берган интервьюсида. – Бу мамлакат ҳали ядро қуролига эга эмас, лекин тан олиш керак, ўша кундан унча узоқ ҳам эмас. Сўнгги тўрт йил ичида Ислом Республикаси бу борада барқарор тезлашганини кўрдик.
Тузилма раҳбарининг ташрифи Ўмон воситачилигида Эрон ва АҚШ билвосита бир неча музокара ўтказаётган пайтга тўғри келди.
Гросси таъкидлашича, МАГАТE Теҳрон ядро дастури бўйича икки қудратли давлат ўртасидаги музокарадан четда қолиши мумкин эмас. Зеро, мазкур ташкилот томонидан маъқулланмаса, «ҳар қандай келишув қоғоз»дир.
– Ҳозирча Арақчий ва Уиткофф мулоқотида йўқмиз, бироқ кўтарилган масалага бефарқ эмасмиз, – дея қўшимча қилган агентлик етакчиси. – Томонлар яхши биладики, ҳар қандай эҳтимолий келишув бўйича фикримизни билдиришимиз зарур, чунки биз жараённи назорат қилишимиз, мавжуд вазиятни текширишимиз керак. Улар билан норасмий музокара олиб борганмиз. Бандлари аниқ матн пайдо бўлиши биланоқ, шартлар бўйича фикр билдирамиз.
Трамп март ойи бошида Эрон олий раҳнамоси Али Ҳуманаийга мактуб йўллаб, янги ядровий келишув таклиф қилган. Агар дипломатия муваффақиятсизликка учраса, ҳарбий усулда жавоб бериш билан таҳдид қилган. Бунга жавобан Ислом Республикаси раҳбарияти Вашингтон билан тўғридан-тўғри музокара ўтказиш имкониятини рад этиб, фақат учинчи давлатлар воситачилигидаги мулоқотга рози бўлди.
2015 йил Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция ва Эрон келишувга эришган. Битимда ўз ядро дастурини чеклаши эвазига Ислом Республикасига нисбатан санкцияни юмшатиш таклифи киритилган.
АҚШ 2018 йил майда, Трампнинг аввалги президентлик даврида келишувдан чиқди ва Теҳрон раҳбариятига қарши санкцияни қайта тиклади. Бунга жавобан Эрон ҳужжат бўйича мажбуриятини босқичма-босқич қисқартириш, хусусан ядровий тадқиқот олиб бориш ва уранни бойитиш даражасини чеклашдан воз кечишини эълон қилган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон ташқи сиёсати билан боғлиқ айрим масалалар бўйича кўзланган натижага эриша олмади. Шунинг учун ҳам у Теҳрон билан музокара жараёни ўз ғалабаси ёки мағлубиятини белгилайдиган омил, деб ҳисоблайди. Айни мазмундаги баёнотни Эрон парламенти комиссияси Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича аъзоси Абулфазл Зуҳрованд музокаранинг яқин орада бўлиб ўтиши кутилаётган иккинчи давраси олдидан «РИА Новости»га интервью берган.
– Трамп нима қилса, муваффақиятсизликка учраяпти, – деди у. – Канада ва Гренландия, Украина, Хитой ва Ғазо сектори масаласида ҳеч нарсага эриша олмади.
Сиёсатчи ишонч билан таъкидлашича, Қўшма Штатлар ҳозир «жуда оғир аҳволда» ва бу ҳақда фақат Трампнинг ўзи ва унинг жамоаси билиши мумкин. Етакчи «савдо уруши»ни бошлаш билан Европа давлатлари ва Хитойнинг кескин норозилигига дуч келди. Америка валютаси ҳам, Исроил ҳам ёмон аҳволда. Демак, АҚШ қайсидир нуқтада, Яқин Шарқ ёки ўз ҳудудида «инқироз тўфони»га дуч келиши мумкин.
Ўтаётган ҳафта Эрон ва АҚШ делегациялари Ўмонда учрашган эди. Теҳрон тарафига кўра, музокара яхши ўтган, бироқ Вашингтон Эрон ядро дастурини бутунлай йўқ қилиш талабидан воз кечиши керак.
Ғазода ўлимлар
Жума кунги Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари оқибатида 20 нафарга яқин одам ҳалок бўлган. Бу ҳақда «Ал-Жазира» телеканали Фаластин тиббий манбаларга таяниб хабар тарқатди.
Телеканал маълумотларига кўра, бу сафар Исроил томонидан Хон-Юнис ҳудудидаги турар-жой бинолари ва Жабалиядаги қочқинлар жойлашган мактаб бомбардимон қилинган.
Шу йилнинг 18 мартга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторига зарбаларни қайта бошлади. Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ҳужумлар ҲАМАС АҚШнинг сулҳни узайтириш ва гаровга олинганларни озод қилиш режасини қабул қилишдан бош тортган сабабли қайта бошланганини айтди.
Шунингдек, Фаластин ҳаракатининг Сиёсий бюроси аъзоси Иззат ал-Ришк Нетаняҳунинг урушга қайтиш қарори Ғазо секторидаги исроиллик гаровга олинганлар учун ўлим жазоси берилишини англатишини билдирган.
Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Саид Хатибзода Бирлашган Миллатлар Ташкилотини Ғарбий Соҳилда кучайган ҳужумни тўхтатиш имкониятидан тўлиқ фойдаланишга чақирди.
Бу даъват БМТ Бош котибининг сиёсий ва тинчлик ўрнатиш масалалари бўйича ўринбосари Розмари Энн Ди Карло билан учрашувда янграган. Шунингдек, икки расмий бошқа муҳим минтақавий ва халқаро воқеаларни ҳам муҳокама қилган.
Ди Карло БМТ Исроилнинг ҳарбий амалиётини тўхтатиш учун аллақачон муайян чоралар кўрганини эслатаркан, бу борадаги саъй-ҳаракат кучайтирилишини таъкидлади.
Исроил ҳарбий-денгиз кучларининг юзлаб зобити Бош вазир Бинямин Нетаняҳу исроиллик маҳбусларни озод қилиш учун Ғазо урушини тўхтатишга чақирилган петицияни имзолаган.
Фаластиннинг Шаҳаб ахборот агентлиги хабар беришича, 450 нафар ишлайдиган ва истеъфодаги зобит узоқ давом этаётган урушда Исроил мақсадига эриша олмаганидан, асирларни қутқаришда юзага келаётган қийинчиликдан хавотирланиб, шикоят ёзган.
Арздорлар фикрича, можаро давом этиши нафақат давлат хавфсизлигига путур етказади, балки Фаластин қаршилиги қўлида қолган маҳбуслар тақдирини ҳам хавф остида қолдиради.
Канада армиясини қайта қуроллантириш ниятида
Канада Бош вазири Марк Карни узоқ вақт мудофаа соҳасида Қўшма Штатларга таянган мамлакат бундан буён Қуролли кучларини замонавий талаб даражасига келтиришни режалаштираётганини эълон қилди.
– Армиямизга кам маблағ ажратиларди, – деди Карни Квебекда маҳаллий телеканаллар учун уюштирилган матбуот анжуманида. – Охирги консерватив ҳукумат даврида мудофаа учун ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоиздан ками сарфланди. Энди нафақат Қуролли кучларни замонавий стандартга мослаштирамиз, балки мамлакатимиз дуч келадиган таҳдидларга қарши курашишга тайёр ҳолатга келамиз. Канада бундан буён Украинага ёрдам берувчилар коалицияси каби ташаббусларда иштирок этиш орқали Европани қайта қуроллантириш ва трансатлантик хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳам иштирок этади. Айни мақсадларга эришиш учун Оттава ички мудофаа ишлаб чиқаришни рағбатлантиради.
Март ойида Карни партияси навбатдан ташқари сайловда ғалаба қозонса, мамлакат мудофаасига мисли кўрилмаган сармоя киритилишини айтган. Аввалроқ мамлакат генерал-губернатори Мери Саймондан парламентни тарқатиб юбориш ва 28 апрелгача муддатидан олдин сайлов ўтказишни сўрагани ҳақида гапирган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп бир неча бор Канаданинг Қўшма Штатларга қўшилиши тарафдори сифатида шимолий қўшниси мудофаа учун етарли маблағ ажратмаётганига ишора қилиб, ҳимоя учун Вашингтонга умид боғлаганини иддао қилган.
АҚШ билан савдо уруши Европа Иттифоқига 1,1 триллион еврога тушади
АҚШ билан 2025-2028 йиллар учун мўлжалланган тариф уруши биргина Германияга йиллик ялпи ички маҳсулотнинг 1,6 фоизи – 290 миллиард еврога тушиши тахмин қилинмоқда.
Бутун Европа Иттифоқининг бу жараёндаги харажати эса 1,1 триллион еврони ташкил қилиши мумкин. Шу боис томонлар савдо сиёсати борасида жиддий музокара олиб бормоқда.
Бу рақамлар Президент Дональд Трамп ташаббуси билан бож сиёсатида олиб борилган ислоҳотлар натижасида юзага келган. Германия иқтисодиёт институти оммага тақдим этган таҳлилий маълумотда айни жараён ривожланаётган мамлакатларга кўпроқ зарар келтириши, баъзи юртлар ўсиш суръатида кескин йўқотишга дучор бўлиши айтилган.
Эслатиб ўтамиз, 12 март куни Қўшма Штатлар кўҳна қитъадан кириб борадиган 25 миллиард евролик пўлат ва алюминийга 25 фоизлик бож жорий қилди. Брюссел 22 миллиард евролик АҚШ импортига жавоб тарифини тайёрлади. Бу икки босқичда кучга киради: 15 апрель ва 15 май. 2 апрель куни Трамп 200 дан ортиқ мамлакатга нисбатан «ойна» тарифи жорий этилишини билдирди. ЕИ учун бу кўрсаткич 20 фоиз. Мазкур чора кучга кириши арафасида АҚШ 90 кунлик тиниш эълон қилди. Бу вақт давомида 10 фоизлик базавий ставка амал қилади. Брюссел ҳам айни чоғ жавоб чораси амалиётини кейинга қолдирди.
«Corriere della Sera» нашри ёзишича, ҳозир Брюссел ва Вашингтон савдо сиёсати бўйича музокара олиб бормоқда. Хусусан, Европа Иттифоқи харид қилинаётган Америка суюлтирилган газини кўпайтириш, шунингдек АҚШдан қурол олиб, қайта қуролланиш учун молиявий воситани кенгайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Ироқ Бош вазири ва Сурия Президенти Қатарда учрашди
Қатарга кутилмаган сафар уюштирган Ироқ Бош вазири Муҳаммад Шиа Ас-Суданий Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва Сурия Президенти Аҳмад Аш-Шараа билан уч томонлама учрашув ўтказди.
Ироқнинг INA расмий ахборот агентлиги ҳукуматга яқин манбаларига таяниб ёзишича, томонлар минтақадаги сўнгги воқеалар, хусусан Дамашқ билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилган.
Суданий Бағдод Суриядаги ўзгаришларни яқиндан кузатаётганини айтиб, Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларидан норозилигини билдирган. Сурияда инклюзив сиёсий жараённи бошлаш, барча диний, ижтимоий ва миллий гуруҳларни ҳимоя қилиш, шунингдек муқаддас жойлар хавфсизлигини таъминлаш масалаларига Ироқнинг қатъий ёндашувини тасдиқлаган.
Аш-Шараа 17 май куни Бағдодда бўлиб ўтадиган Араб лигаси саммитига расман таклиф қилингани ва анжуманда иштирок этишидан мамнунлигини билдирди.
Шунингдек, Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний пайшанба куни Москвага ташриф буюрган.
Қатар Россия ва Украина ўртасида воситачилик қилишга бир неча бор уриниб кўрди ва уруш пайтида ота-онасидан ажралган ҳар икки давлатдан болаларни қайтаришга ёрдам берди.
Россия ва Қатар шу ҳафта етакчилар Украинадаги урушни тўхтатиш учун тинчлик келишувига эришиш ҳаракатларини муҳокама қилишларини маълум қилди.
АҚШ президенти Дональд Трамп бир неча бор «қон тўкиши»га барҳам беришни истаётганини айтди, бироқ бу борада ҳали муваффақиятга эришгани йўқ. Москва келишув бўйича келишувга эришиш осон бўлмаслигини айтди.
Кремлнинг билдиришича, Путиннинг Қатар амири билан музокараларида минтақавий масалалар ҳам муҳокама қилинади.
Қатар ташқи ишлар давлат вазири Муҳаммад Ал-Хулайфийнинг ТАСС давлат ахборот агентлигига айтишича, муҳокамалар Украина, Сурия, Ғазо сектори ва суюлтирилган газ каби энергия манбаларини қамраб олади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7VRJzjgMGiA" title="Kanadaning qurollanishi, Yevropaning ziyonga kirishi, Qatarda muzokaralar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Сардорбек Поёнов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.