Канададан Сеутагача: Европа ўзини қандай ҳимоя қилмоқчи?
Европа Иттифоқи ўзгариб бораётган хавфсизлик ва сиёсий муҳитга жавобан янги ҳамкорлик ва ҳимоя механизмини шакллантирмоқда. Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Страсбургдаги Иттифоқ ҳолатига бағишланган йиғилишда бир соатлик нутқ сўзлади. Маъруза матнидан Канадага “ассоциацияланган аъзолик” мақомини таклиф қилиш, гибрид ҳужумга қарши НАТОнинг 4-моддасига ўхшаш механизм яратиш каби ташаббуслар илгари сурилди. Шунингдек, иқлим ўзгариши оқибати, сунъий интеллект ва болалар учун интернет хавфсизлиги ҳамда оммавий миграция оқимига жавоб чоралари ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Канадага таклиф этилган янги мақом ЕИ ва Оттава ўртасида иқтисодий хавфсизлик, мудофаа, энергетика, илғор технология, муҳим минераллар ва Арктика бўйича ҳамкорлик чуқурлашишини назарда тутади. Иқлим борасида фон дер Ляйен 2026 йил ёзида Европада 660 000 гектар майдон ёнгани, 12 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти йўқотилгани ва иссиқ тўлқин оқибатида 35 000 дан ортиқ бевақт ўлим қайд этилганини келтирди. Иссиқ тўлқинга қарши режа, иқлим суғуртаси альянси ва сув ташаббусини таклиф қилди. Хавфсизлик соҳасида эса кибер ҳужум, иғво, ўт қўйиш ва дрон билан боғлиқ ҳодисалар кўпайиб бораётганини айтиб, Европа Хавфсизлик Кенгашини тузиш ғоясини ҳам ўртага ташлади.
Технология соҳасида Европа комиссияси 13 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоққа киришни тақиқлаш, 15 ёшгача эса фойдаланишни чеклаш кўзда тутилган “ЕИ болалар тўғрисидаги қонуни”ни илгари сурмоқда. Сунъий интеллект бўйича энг илғор моделларни назорат қилиш, мавжуд хавфсизликни баҳолаш ва эрта огоҳлантириш тизимини йўлга қўйиш зарурлигига урғу берилди.
Миграция масаласида эса фон дер Ляйен ЕИ Сеутадаги инқироздан кейин чегарадаги оммавий оқимга фавқулодда жавоб бериш механизмини яратиш таклифини киритиб, чегаралар инсон ҳуқуқи ва қадриятига амал қилинган ҳолда ҳимояланишини билдирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА