
Канада Бош вазири Марк Карни узоқ вақт мудофаа соҳасида Қўшма Штатларга таянган мамлакат бундан буён Қуролли кучларини замонавий талаб даражасига келтиришни режалаштираётганини эълон қилди.
– Армиямизга кам маблағ ажратиларди, – деди Карни Квебекда маҳаллий телеканаллар учун уюштирилган матбуот анжуманида. – Охирги консерватив ҳукумат даврида мудофаа учун ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоиздан ками сарфланди. Энди нафақат Қуролли кучларни замонавий стандартга мослаштирамиз, балки мамлакатимиз дуч келадиган таҳдидларга қарши курашишга тайёр ҳолатга келамиз. Канада бундан буён Украинага ёрдам берувчилар коалицияси каби ташаббусларда иштирок этиш орқали Европани қайта қуроллантириш ва трансатлантик хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳам иштирок этади. Айни мақсадларга эришиш учун Оттава ички мудофаа ишлаб чиқаришни рағбатлантиради.
Март ойида Карни партияси навбатдан ташқари сайловда ғалаба қозонса, мамлакат мудофаасига мисли кўрилмаган сармоя киритилишини айтган. Аввалроқ мамлакат генерал-губернатори Мери Саймондан парламентни тарқатиб юбориш ва 28 апрелгача муддатидан олдин сайлов ўтказишни сўрагани ҳақида гапирган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп бир неча бор Канаданинг Қўшма Штатларга қўшилиши тарафдори сифатида шимолий қўшниси мудофаа учун етарли маблағ ажратмаётганига ишора қилиб, ҳимоя учун Вашингтонга умид боғлаганини иддао қилган.
С.Раҳимов, ЎзА