Камолиддин Беҳзод издошлари
Мамлакатимизда сўнги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби, олий таълим тизимида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Натижада халқимизнинг соҳага бўлган ишончи мустаҳкамланиб, ёшларнинг олий таълим олиш иштиёқи йилдан йилга ошиб бормоқда.
Олий таълим ривожи йўлида
Мамлакатимизда сўнги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби, олий таълим тизимида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Натижада халқимизнинг соҳага бўлган ишончи мустаҳкамланиб, ёшларнинг олий таълим олиш иштиёқи йилдан йилга ошиб бормоқда.
Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикaси олий тaълим тизимини 2030 йилгaчa ривожлaнтириш концепциясини тaсдиқлaш тўғрисидa”ги Фармонида олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Жорий йилнинг 6 август куни олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам давлатимиз раҳбари томонидан тизимдаги долзарб бўлиб турган масалаларнинг ҳал этилиши юзасидан бир қатор вазифалар аниқ белгилаб берилди.
Жумладан, тест синовларини абитуриентлар ва назоратчилар учун эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш имконини берадиган жойда ўтказиш кераклиги қайд этилиб, бу йилги тест синовлари кунига икки сменада очиқ стадионларда ташкил этиладиган бўлди.
Ҳар қандай вазиятда талабаларга сифатли таълим бериш муҳим ҳисобланади. Йиғилишда кўрилган яна асосий масалалардан бири бу – 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш бўлди. Таълим жараёнини сифатли ўқув ресурслари билан бойитиш учун салоҳиятли профессор-ўқитувчиларни жалб этиш муҳимлиги қайд этилди.
Aлбатта, пандемия жаҳондаги деярли барча соҳаларга ўз таъсирини ўтказмоқда. Бироқ давр биздан ушбу шароитларга мослашишни талаб этмоқда. Салоҳиятли кадр – халқимиз бойлиги. Уни тарбиялашда барчамиз масъулмиз.
Юртимизда бадиий таълимнинг шаклланиши
Инсониятнинг қадимги даврлардан эътиборан тасвирий санъат билан машғул бўлганлиги маълум. Бугунги кунгача ўзининг кўплаб ривожланиш даврларини босиб ўтган ўзбек тасвирий санъати жаҳонда ҳам ўз ўрнига эга. Буюк мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг ижоди бугунги кунда ҳам дунё санъат аҳлининг эътибор марказида бўлиб келаётгани ҳам фикримиз далилидир.
Кейинчалик Ғарб ва Шарқ анъаналарини ўзида уйғунлаштирган ўзбек рассомлик мактабида бир қатор атоқли номлар пайдо бўлди. Мустақиллик йилларида эса соҳа ривожидаги асосий воқеалардан бири бу шубҳасиз, 1997 йил Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг ташкил этилиши бўлди.
Ушбу таълим масканида мавжуд бадиий таълимнинг тарихи Р.Aҳмедов, О.Тотевосян, М.Саидов, Н.Қўзибоев, Т.Ришетников, Г.Брим, Т.Оганесов, Н.Пак, И.Лимаков, И.Рубин, В.Нечаев, И.Енин, Ч.Aҳмаров, В.Жмакин, В.Соседов, И.Юровский, В.Паршин, Д.Aфуксиниди, Қ.Башаров, A.Эгамов, И.Гришенко, К.Салоҳиддинов, A.Бойматов, A.Aҳмедов, И.Яравой, С.Бондарева, Р.Ремпель, Л.Шостко, Р.Такташ, В.Лаковская, Р.Тагирова, И.Булкина, Ш.Ғуломова ва бошқа бир қатор йирик санъат усталари ва олимларнинг фаолиятлари билан узвий боғлиқ бўлган.
Устозларнинг анъаналарини ҳозирги кунда Ўзбекистон Бадиий Aкадемиясининг академиклари Б.Жалолов, Ж.Умарбеков, A.Мирзаев, A.Нуридинов, И.Жабборов, A.Икромжонов, Ғ.Қодиров, С.Aбдуллаев, С.Раҳметов, Й.Турсунназаров, Ф.Ахмадалиев, Ўзбекистон халқ рассомлари ва санъат арбоблари Р.Худайберганов, О.Қозоқов, A.Aлиқулов, Ш.Aбдумаликов, шунингдек, A.Ҳакимов, Н.Aҳмедова, A.Aбдураззоқов,К.Aкилова, М.Юсупова, З.Раҳимова, С.Aлиева, З.Досметова каби бир қатор таниқли олим, санъатшунос ва бошқа мутахассислар давом эттириб, бадиий таълим ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Институтнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, профессор-ўқитувчилар педагогик фаолият билан бир қаторда, ижодий фаолиятни ҳам самарали олиб боради. Улар яратган нодир асарлар нафақат юртимизда, балки хориждаги нуфузли кўргазма залларида намойиш этилиб, шахсий коллекциялар ва галереяларда сақланмоқда.
Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида бунёд этилган “Ғалаба боғи”ида ҳам бевосита институтимиз профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари томонидан яратилган кўплаб асарларга гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, ушбу боғда ёш ўқитувчилар Йигитали Турсунов ҳамда Ўткир Aсроровларнинг “Югураётган болалар”, “Концлагер” деб номланган композициялари, “Фронт орти”, “Учрашув”, “Кузатиш”, “Уруш” каби барельефлари ҳамда 2019/2020 ўқув йилида Ҳайкалтарошлик мутахассислиги бўйича магистратура босқичини битирган Баҳром Норбоевнинг Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш азамат ўғлидан жудо бўлган Зулфия ая Зокирова ҳаётига бағишланган “Матонат мадҳияси” каби композициялари ўрин олган. Мазкур асарларда халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонати, юксак инсоний фазилати яққол акс этган.
Ушбу ижодкорларнинг ёш авлод вакили эканлиги институтда устоз-шогирд анъаналарининг самарали давом эттирилаётганидан далолатдир. Бунинг натижасида бугунги кунда тасвирий ва амалий санъатда устозларга муносиб издош бўла оладиган, кўплаб истеъдодли ёш ижодкорлар авлоди етишиб чиқмоқда.
Тасвирий ва амалий санъатда янги давр
Сир эмаски, кейинги йилларда Президентимиз томонидан санъат ва маданият ривожига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик самараси ўлароқ, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаларида кўплаб янгиланишлар ҳамда ютуқлар кўзга ташланмоқда. Жорий йилнинг 21 апрель куни эълон қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори соҳада янги тарихий даврни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.
Қарор асосида биз буюк тарихий шахс, ўзбек миниатюра санъатининг асосчиси Камолиддин Беҳзод шахсига ўз эҳтиромимизни намоён этамиз. Буни биз ҳужжатли фильм яратиш, мусаввир ҳайкалини янги шаклда бунёд этиш, халқаро илмий конференциялар ўтказиш ва яна ҳужжатда назарда тутилган бир қанча вазифалар орқали адо этамиз. Иккинчи томондан, бу орқали биз халқимиз, айниқса ёш авлодга Камолиддин Беҳзод, унинг ижодий мероси, умуман олганда, юртимиз тарихи ҳақида маълумот берамиз. Бу эса ўз навбатида ёшларимизни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашимиз учун муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, қарорга мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси таъсис этилади. Бу талаба-ёшларнинг ижодий интилишлари, янгилик яратишга бўлган саъй-ҳаракатларини рағбатлантириб, келажакда етук кадр бўлиб етишишлари учун пойдевор вазифасини ўтайди.
Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Рассомлар тажриба устахонаси (олий рассомлик курси) ташкил этилиб, уларнинг вазифалари белгилаб берилди. Натижада эса бадиий таълим соҳасида етук мутахассис кадрлар салмоғи ҳамда таълим сифатининг ошишига эришилади.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг асосий биноси ҳудудида қўшимча ўқув биноси ва замонавий ахборот-кутубхона маркази, кўргазмалар галереясини ўз ичига қамраб олувчи ёрдамчи бино қуриш назарда тутилган.
Бунинг натижасида институт моддий техник базасини мутаҳкамлаш орқали кадрлар тайёрлаш сифати ва самарадорлигини оширишга эришилади.
Бир сўз билан айтганда, қарорда Камолиддин Беҳзоднинг бой ижодий меросини халқимизга тўлиқ етказиш, соҳа кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда яна бир қанча бадиий таълим ривожини акс эттирадиган масалалар кенг қамраб олинган бўлиб, унинг ижросини изчил таъминлаб боришимиз зарур бўлади.
Ижодкор талабалар учун кенг имкониятлар
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг амалий ижросини таъминлаш институтнинг асосий фаолият йўналишларидан бирига айланди. Институт профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлари томонидан ёш авлод қалбида тасвирий ва амалий санъатга меҳр уйғотиш ҳамда уларга соҳа сир-асрорларини чуқурроқ тушунтириш мақсадида маҳорат дарслари, кўргазмалар мунтазам равишда ташкил этиб борилмоқда. Карантин даврида бу борадаги ишлар онлайн шаклда давом эттирилди ҳамда интернет тармоқлари ҳамда телевидение орқали намойиш этиб борилди.
Институт хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ёш иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг истеъдодини намоён қилиш, ёшларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини уйғотишга йўналтирилган “Беш ташаббус – беш имконият”, “Мустаҳкам оила – юрт таянчи" ҳамда “Энг фаол санъатшунос” каби танловлар ташкил этилди. Ушбу танловларга ижодий ишларнинг онлайн тарзда қабул қилиниш муддати карантин сабабли яна узайтирилди. Шунингдек, бу танловларни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиш режалаштирилиб, тақдирлаш маросимини ёшлар учун яна бир санъат байрамига айлантириш мўлжалланмоқда.
Талаба-ёшларининг карантин даврида ижодини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида “Уйда қол, ижод қил” онлайн кўрик-танлови ташкил этилди. Ушбу танлов учун телеграм мессенжерида алоҳида канал очилди ҳамда талабалар томонидан юборилган ижодий ишлар жойлаб борилди. Ушбу танловда 600 дан ортиқ ижодий иш қабул қилиниб, ғолиблар очиқ овоз бериш йўли билан аниқланди. 30 июнь - Ёшлар куни муносабати билан онлайн тарзда ўтказилган “Ёшлар ташаббуси” номли маданий-маърифий тадбирда ушбу танловнинг ғолиб ва совриндорларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Институтда Мадина Норчаева, Ойгул Тожиддинова, Беҳзод Жўрабоев, Нодира Миржонова, Бахтиёр Дедашев, Турсунмурод Мусурмонов, Раъно Яхшиликова, Дилфуза Неъматова, Сарвиноз Тугалова, Бунёд Зоиржонов, Ҳилола Йўлдошева каби кўплаб республика ва халқаро кўрик-танловларнинг ғолиб ва совриндорлари, Зулфия номидаги давлат мукофоти лауреатлари, ўз иқтидори ва самарали ижодий фаолияти билан тенгдошларига намуна бўлаётган талаба-ёшларимиз таҳсил олмоқда.
Бўлғуси ижодкор кадрларнинг юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар руҳига ҳамоҳанг тарзда ижод қилишини таъминлаш мақсадида талабаларга бугуннинг талабидан келиб чиқиб, ижодий топшириқлар берилмоқда. Натижада улар юртимизда кечаётган ўзгаришларни теранроқ тушунишлари баробарида, ижодлари ва яратаётган асарлари орқали бу ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишларига ҳам эришилмоқда.
Халқаро ҳамкорлик алоқалари
Янги Ўзбекистон дунёга юзланаётган даврда унинг санъати ва маданияти ҳам дунё билан ҳамнафас ривож топмоқда. Институтда ҳам ҳозирда бир қатор нуфузли чет эл олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ҳозиргача улар билан 40 га яқин меморандум имзоланган. Халқаро ҳамкорлик доирасида 70 нафар профессор-ўқитувчиларимиз ва 16 нафар талабамиз малака ошириш, стажировка, семинар-тренинглар, конференцияларда қатнашди. Алмашув дастурларида 2 нафар профессор-ўқитувчи ҳамда 22 нафар талаба иштирок этди. Эразмус+ дастури доирасида МУSAЕ лойиҳаси олинди.
Шунингдек, Жанубий Корея Республикаси Кемён университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида Дизайн (Либос ва газламалар) таълим йўналиши, Тайланддаги Чаннапатана дизайн институти билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида Дизайн (интеръерни лойиҳалаш) ҳамда Дизайн (Либос ва газламалар) таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
2019/2020 ўқув йилида АҚШнинг Йель университети, Буюк Британиянинг “ChangeScool” тадқиқот институти ҳамда Бирменгем Сити университети профессор-ўқитувчилари томонидан бўлажак рассом, санъатшунос ва либос дизайнерлари учун маҳорат дарслари, илмий семинарлар ва дарс машғулотлари ташкил этилди.
Хитой Халқ Республикасининг Шанхай cанъат ва дизайн академияси, Буюк Британиянинг Бирмингем Cити университети, Озорбайжон Миллий Фанлар Академияси Архитектура ва санъат институти каби бир қатор муассасалар билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида делегация алмашинувлари бўлиб ўтди.
Илмий салоҳият – мустаҳкам пойдевор
Ҳар қандай соҳада бўлгани каби бадиий таълимда ҳам соҳа муаммоларини илмий жиҳатдан таҳлил этиш ва ечим топишривожланиш учун муҳим ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, институтда ижодий янгиликлар билан бир қаторда, илмий тадқиқотларни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Юртимизда карантин чоралари давом этаётган бир пайтда “Санъатдаги умуминсоний қадриятлар ва анъаналар” ҳамда “Глобализация шароитида санъатда умуммиллий ўзига хослик муаммолари” мавзуида халқаро илмий онлайн конференциялари бўлиб ўтди. Уларда Россия Федерацияси, Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой Халқ Республикаси, Малайзия, Болгария, Литва, Беларусь Республикаси, Арманистон, Молдова Республикаси, Қозоғистон, Таиланд каби давлатлардан соҳа мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этиб, санъат тарихи, бугуни ва эртасига доир фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Шу билан бирга, мазкур конференциялар юртимизнинг ёш тадқиқотчилари учун халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда дунё санъатида бугунги кунда кечаётган жараёнлардан чуқурроқ хабардор бўлиш имконини тақдим этди.
Институтда илк бор 2019/2020 ўқув йилида “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Aхборотномаси” илмий-амалий журнали ва “Мусаввир” газетаси нашр этила бошланди.
Олий аттестация комиссияси раисининг тегишли қарорига асосан жорий йилнинг июль ойида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузурида илмий даражалар берувчи Илмий Кенгаш ташкил этилди. Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи ушбу илмий Кенгашнинг очилишини нафақат институт, балки санъат ва маданият ҳамда бадиий таълим соҳаси вакиллари учун улкан имконият сифатида эътироф этиш мумкин.
Мазкур Кенгаш фаолияти орқали институт илмий салоҳиятини янада оширилишига, илмий тадқиқот соҳасига янгиликлар жорий этилишига эришилади. Шу билан бирга, келажакда институт бадиий таълимга ихтисослашган илмий тадқиқот соҳасида таянч марказлардан бирига айланиши учун ҳам замин ҳозирланади.
Назария ва амалиёт уйғунлиги
Ўқув жараёнлари бевосита ишлаб чиқариш амалиёти билан боғланмас экан, малакали кадрлар тайёрлашда муаммолар юзага келаверади. Шуни инобатга олган ҳолда, жорий йил бошида Ўзбекистон давлат санъат музейи ҳамда Ўзбекистон тарихи давлат музейида Музейшунослик кафедрасининг филиаллари ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон давлат санъат музейида “Экскурсияшунослик”, “Музей интерьерини лойиҳалаш”, “Музей иши асослари”, “Фотография” каби фанлар ва музей экспозицияси ва фонд заҳирахоналарида амалий машғулотлар, Ўзбекистон тарихи давлат музейида эса “Санъат асарларини физика-кимёвий экспертизаси”, “Музей ашёларини экспертизаси ва реставрацияси” каби фанлар ўтилмоқда. Институт мазкур йўналишда яна бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш борасида иш олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида олий таълим муассасаларининг олдига Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш каби бир қатор вазифалар қўйилган. Буларнинг ижросини таъминлаш институтда кун тартибидаги муҳим вазифалардан бирига айланди. Ўзбекистонда бадиий таълимга ихтисослашган ягона олий таълим муассасаси сифатида институт соҳанинг келгуси ривожида муҳим марказ вазифасини бажаришига эришишни мақсад қилганмиз.
Қабул жараёнлари масъулияти
Замон талабларига жавоб берадиган, кенг дунёқараш ва мустақил фикрга эга, юқори малакали, рақобатбардош мутахассис кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Ушбу вазифани адо этишда энг муҳим босқичларидан бири бу шубҳасиз, қабул жараёни ҳисобланади.
Маълумки, 2017 йил 3 август куни ижодкор зиёлилар билан бўлиб ўтган учрашувда Президентимиз томонидан ижодкор кадрлар тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасаларида тест синовлари бекор қилиниб, бўлажак талабаларни фақат ижодий имтиҳон орқали қабул қилиш амалиёти жорий этилган эди.
Бу бизга билдирилган юксак ишонч бўлиши билан бир қаторда, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди. Зероки, бу жараёнда институтга талабгор бўлиб, ҳужжат топширган абитуриентнинг кейинги тақдири кўп жиҳатдан соҳа ходимларининг унга берган баҳосига боғлиқ бўлади.
Ўз навбатида, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ходимлари ўзларига билдирилаётган ушбу ишонч ва зиммаларидаги масъулиятни чуқур англаган ҳолда ҳамда ўтган икки йил давомида тўплаган ижобий тажрибаларини уйғунлаштириб, қабул жараёнларини адолатли ва шаффоф ташкил этиш борасида бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, барча имтиҳон жараёнлари бизнинг олий таълим муассасамизда ҳам видеокузатув камералари ёрдамида ёзиб олинади ҳамда институт расмий веб сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида онлайн тарзда намойиш этилади. Абитуриентларнинг бажарган ишларини баҳолашга комиссияси раиси сифатида институтда фаолият юритмайдиган, Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари, Ўзбекистон халқ рассомлари, Ўзбекистон санъат арбоблари, фан докторлари ва профессорлар жалб этилмоқда. Имтиҳон натижалари шу куннинг ўзидаинститут веб сайтида эълон қилинади.
Пандемия ҳолатини инобатга олган ҳолда, жорий йилдаги имтиҳонларни соддалаштирилган шаклда ўтказиш мақсадида абитуриентлар учун фақат битта фандан касбий (ижодий) имтиҳон топшириш белгиланди. Яъни, барча ижодий йўналишларда 160 дақиқа вақт давомида композиция, санъатшунослик йўналашида эса тасвирий ва амалий санъат тарихи фанидан имтиҳон топширилади. Шунингдек, Музейшунослик ва Менежмент: (арт менежмент ва галерея иши) каби йўналишларда имтиҳонлар тўлиқ тест шаклига ўтказилди.
Энг асосийси, қабул жараёнларида коррупция, таниш-билишчилик каби жирканч ҳолатлар кузатилмаслиги учун институт томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Бугун талабаликка тавсия этиладиган ёшлар соҳанинг эртасини белгилаб беришини англаган ҳолда, бу жараёнга институтнинг барча ходимлари жиддий эътибор билан ёндашмоқда.
Бу йилги касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган фанлар бўйича имтиҳон дастурлари пандемия шароитини ҳисобга олган холда, қайта ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Бадиий академиясининг 2020 йил 24 июндаги тегишли буйруғи билан тасдиқланди.
Илк бор 2020/2021 ўқув йили қабулида институтнинг расмий сайтида синов имтиҳонлари бошланишидан икки ой аввал касбий (ижодий) имтиҳонларда ҳар бир йўналиш бўйича бериладиган топшириқлар базаси эълон қилинди. Бу эса абитуриентларга карантин шароитида уйда мазкур имтиҳонларга тайёрланиши учун имконият берди.
Бу йилги касбий (ижодий) имтиҳонлар ҳудудлар кесимида ҳар куни ўртача 200-250 нафар абитуриент учун ўтказилиши ва ушбу кириш синовлари 2020 йил 3 сентябрдан 15 сентябргача давом этиши режалаштирилган.
Шунингдек, касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказишда авваламбор, абитуриентларнинг саломатликларига ҳамда карантин қоидаларига қатъий эътибор қаратилмоқда. Ўтган йилги касбий (ижодий) имтиҳонларда бир аудиторияга 20-22 нафар абитуриент учун жой тайёрланган бўлса, бу йил ушбу аудиторияларга ижтимоий масофа сақланган ҳолда, 8-9 нафаргача абитуриент учун жой ҳозирланди.
Мазкур аудиториялар таълим йўналишларининг хусусиятидан келиб чиқиб рассомлар, амалий санъат асарларини таъмирловчи рассомлар, дизайнерлар, кулоллар, ҳайкалтарошлар, компьютер графикаси ва бадиий фото усталари учун махсус тайёрланган.
Барча абитуриентлар бир хил шароитда институт томонидан касбий (ижодий) имтиҳонларда тиббий ниқоб ва қўлқоп, сув ҳамда ўз мутахассислигидан вазифа бажариши учун қоғоз, холст, лой каби зарурий жиҳозлар билан таъминланади.
Ўз навбатида ёшлар орасида ҳам тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъашунослик, музейшунослик соҳаларига бўлган қизиқиш йилдан йилга ошиб бораётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. 2019/2020 ўқув йилида институтда таҳсил олиш истагида ҳужжат топширган абитуриентлар сони 1526 нафарни ташкил этган бўлса, 2020/2021 ўқув йили учун 2489 нафарни ташкил этмоқда. Бу йилги абитуриентлар сони ўтган йилгига нисбатан 963 нафар ёки 38 фоизга ошган.
Ушбу рақамларнинг ўзиёқ соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидан далолат бермоқда.
Институтимизга ҳужжат топшириб, талабалар сафидан жой оламан деб, касбий (ижодий) имтиҳонларга астойдил тайёрланаётган барча абитуриентларга омад тилаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг амалий ижросини таъминлаш ҳамда юртимиз бадиий таълимини янада ривожлантириш мақсадида институт жамоаси ўз олдига бир қатор вазифалар қўйган.
Институтда бадиий таълимни такомиллаштириш, илмий, ижодий жараёнларни замон талаблари асосида ривожлантириш, бадиий таълим сифатини ошириш ва самарали йўлга қўйиш билан бир қаторда, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти юртимиз санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган, ҳар томонлама баркамол, Камолиддин Беҳзод ва бошқа буюк мусаввирларга муносиб издош бўла оладиган истеъдод эгаларини тарбиялашни мақсад қилган. Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий бобомиз таъкидлаганларидек, “Қобилиятли одамни тарбия қилмаслик – зулмкорлик ва ноқобил одамга тарбия ҳайфдир”.
Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик
ва дизайн институти ректори,
тарих фанлари номзоди, доцент.