
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Бухоро вилоятида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” рўйхатига киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича манзилли ўрганишлар олиб борилмоқда.
Мазкур оилаларнинг ишсиз ва ёрдамга муҳтож аъзолари билан суҳбатлар ўтказилди. Уларни даромадли қилиш, ижтимоий иқтисодий ёрдамлар кўрсатиш бўйича ҳар бир оила кесимида индивидуал чора-тадбирлар тузилиб, ҳудудлар миқёсида аҳволни яхшилаш юзасидан оилаларга масъуллар бириктирилган.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов бошчилигида Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бўлиб ўтган семинар қарорнинг вилоятдаги ижроси, маҳалла ва қишлоқларда оғир шароитда яшаётган оилаларга бириктирилган масъуллар фаолияти таҳлилига бағишланди.
Танқидий-таҳлилий руҳда кечган тадбирда вилоят тегишли ташкилот ва идоралари, тижорат банклари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутасаддилари, онлайн студиялардан шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳлари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари қатнашди.

Семинар муҳокамасида жойлардаги ўрганишлар давомида айнан одамларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий муҳофазага олинган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш орқали камбағалликдан чиқариш, шунингдек, ишлаб чиқариш субъектлари қувватини оширишдаги чора-тадбирларга эътибор қаратилди.
Тадбирда ижтимоий оғир деб топилган қатор маҳаллалар, жумладан, Бухоро шаҳридаги “Фошун”, “Ёшлик”, Вобкент туманидаги “Чангарон”, Когон туманидаги “Тунироқ”, “Ҳукуматобод”, Шофиркон туманидаги “Калон”, “Мазлахон Чандир”, Бухоро туманидаги “Боғикалон” каби маҳалла фуқаролар йиғинларида камбағалликни қисқартириш юзасидан ҳоким ёрдамчилари иш фаолияти кўриб чиқилди.

Тадбирда ҳозир бўлган маҳаллий ҳокимлик вакиллари, маҳаллалар “еттилиги” билан яқин ҳамкорлик қилаётган тижорат банклари, давлат ташкилот ва идоралари масъуллари, қолаверса, ижтимоий мададга муҳтож оилаларга бириктирилган мутасаддилар томонидан бажарилиши зарур бўлган амалий чора-тадбирлар самарадорлиги атрофлича ўрганилиб, бу борада мутасаддилар зиммасига вазифалар юкланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири