“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалда
Навоий вилояти прокуратурасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Дониёр Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, вилоятда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, 2 минг 723 та кам таъминланган оилага 550 нафар раҳбар бириктирилган. Бириктирилган раҳбарлар томонидан барча оила билан юзма-юз учрашган ҳолда уларнинг муаммолари ўрганиб чиқилган.

– Учрашувларда аниқланган 17 минг 157 та муаммо юзасидан бириктирилган раҳбарлар томонидан 15 минг 918 та ҳолатда амалий ёрдамлар кўрсатилган. Айни пайтда қолган муаммоларни ижобий ҳал қилиш юзасидан ишлар давом этмоқда, – дейди Д.Раҳматуллаев. – Албатта, соҳада олиб борилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда ҳудудларда камбағал оилаларга бириктирилган раҳбар ходимлар томонидан ишлаб чиқилган индивидуал дастурларда белгиланган хизматлар кўрсатилмасдан, оилалар ўз ҳолига ташлаб қўйилиши ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 418 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. Шунингдек, 350 нафар мансабдор шахс расман огоҳлантирилган. Ўтказилган текширишлар давомида 23 нафар ҳоким ёрдамчиларининг интизомий жавобгарлик масалалари ҳал этилиши таъминланган.

Матбуот анжуманида алоҳида қайд этилишича, 41 та маҳаллада истиқомат қилувчи 210 та оила прокуратура, МИБ ва Департамент органларининг 42 нафар раҳбар ходимларига бириктирилган.
Олиб борилган амалий ишлар натижасида мазкур камбағал оилаларнинг 248 нафар ишсиз аъзоларининг бандлиги таъминланди, 371 нафарига кафолатланган давлат тиббий хизматлар кўрсатилган бўлса, 291 нафар камбағал оила аъзолари таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга жалб этилди. Шунингдек, 137 нафарига ижтимоий хизматлардан фойдаланишига кўмаклашилди ва 201 та оиланинг яшаш шароитларини яхшилаш юзасидан муаммолари ҳал этилди.
Қизилтепа туманида вилоят прокурори раҳбарлигида масъул идоралар жалб этилган ҳолда “штаб” ташкил этилган. 413 та камбағал оилага бириктирилган 83 нафар корхона ва ташкилот раҳбарлари “маҳалла еттилиги” билан биргаликда ушбу оилаларнинг камбағалликка тушиш сабаблари, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўрганилди. Натижада камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси таъминланмоқда.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири