«Камбағалликдан фаровонлик сари»: Биринчи ярим йилликда қандай натижаларга эришилди?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидовнинг "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасида 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, фуқароларни доимий ва даромадли меҳнат билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси 5,8 фоизга туширилди. Йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 2,8 фоизгача қисқартириш мақсад қилинган.
Дастур доирасида 563 минг оила, яъни 2,3 миллион нафар аҳоли «Ижтимоий реестр»га киритилди. Уларнинг даромадларини оширишга қаратилган индивидуал режалар асосида кўрилган чора-тадбирлар натижасида 275 минг оила ёки 1,2 миллион нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилди. Аҳолини даромадли меҳнатга жалб этиш борасида ҳам муайян натижаларга эришилди.
Хусусан, биринчи ярим йилликда 3,8 миллион нафар аҳоли даромадли меҳнат билан таъминланди. Шундан 469 минг нафари доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 2 миллион 719 минг нафар аҳолининг даромади оширилди. Шунингдек, 615 мингта норасмий иш ўрни легаллаштирилди.

Маҳаллаларда 103 мингта микролойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 246,5 минг нафар аҳоли барқарор даромад манбаига эга бўлди. Камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашда уларнинг нафақат даромадини ошириш, балки соғлиғи, таълими ва яшаш шароитини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, биринчи ярим йилликда 939 минг нафар камбағал аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Камбағал оилалар фарзандларидан 49 минг нафари IТ, инглиз тили, электрон тижорат, СММ ва график дизайн йўналишларидаги бепул курсларга жалб этилди.
Мажлисда депутатлар томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига дастурда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш, камбағал оилалар даромадини оширишга қаратилган чораларни кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларининг барқарорлигини таъминлаш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Бунда ажратилаётган кредит маблағлари ҳисобига ташкил этилган лойиҳаларни қанча доимий иш ўрни яратилгани ва қанча оила барқарор даромад манбаига эга бўлгани мезонлари асосида баҳолаш, ҳудудларда «маҳаллабай» мониторингни кучайтириш, инфратузилма объектларидаги ишларни ўз вақтида ва сифатли якунлаш, маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш белгиланди.
Бандликни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш, камбағал оилаларни комплекс қўллаб-қувватлаш ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан парламент ва депутатлик назорати тартибида доимий ўрганиб борилиши қайд этилди.
Парламент эшитуви якунида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидовнинг «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинди.
Нурилло Насриев,
ЎзА