Камбағалликка қарши хайрли ташаббус
Фарғона вилояти Бағдод туманида камбағаллик тоифасига кирувчи оилалар ва фуқароларни аниқлаш, уларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашувчи кооперативлар фаолияти йўлга қўйилди.
Долзарб мавзу
Фарғона вилояти Бағдод туманида камбағаллик тоифасига кирувчи оилалар ва фуқароларни аниқлаш, уларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашувчи кооперативлар фаолияти йўлга қўйилди.
Эндиликда кам таъминланган, кўп болали оилалар, ёшлар ана шу кооператив аъзолари сифатида фаолият олиб боради. Меҳнат стажи ва қонунда белгиланган барча имтиёзларга эга бўлади. Шунингдек, улар бепул уруғ, кўчат, минерал ўғит ва техника хизматларидан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиради.
Янги тармоқ – янги имкониятлар
Туманнинг “Мирзаобод” маҳалла фуқаролар йиғинида “Karavan Bag‘dod” кооперативи ташкил этилди. Бу ерда мана шу ҳудудга туташ бўлган “Мирзабод”, “Самарқанд”, "Конизар”, “Саидобод”,” “Юқори Мирзабод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаб келаётган 80 нафар кам таъминланган, кўп болали, ижтимоий ночор оилаларнинг ҳар бирига 20 сотихдан экин майдони ажратиб берилди. Эндиликда бу оилалар ўзларига ажратилган ерда булғор қалампири парваришлаш, эҳтиёжидан ортиғини сотиб, даромад олиш имкониятига эга бўлди.
– Бир хўжаликда икки нафар фарзандим билан уч оила яшаймиз, –дейди Элмурод Ҳакимов. – Шу сабабли Россияга ишлагани борардим. Ишчи гуруҳ аъзолари хонадонимизда бўлиб, оилавий шароитимизни ўрганди, кооперация аъзоси бўлиш ва йигирма сотих экин майдони ажратиб беришни таклиф қилди. Рози бўлдим. Чунки фарзанд тарбияси, оилавий юмушлардан ажралмаган ҳолда меҳнат қилиб, даромад олиш имконияти яратилди. Энди узоқ юртларда сарсон-саргардон иш излаб боришга ҳожат қолмади.
“Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Одинахон Ўринова аёл боши билан 4 нафар фарзанди камолоти йўлида меҳнат қилмоқда, изланмоқда. Икки нафар фарзанди ногирон, топгани рўзғордан ортмайди. Фарзандларни уйлантириш, қиз узатиш, набира тўйлари қилиш масъулияти онага тинчлик бермайди.
– Ҳалол меҳнат ортидан топилган нон ширин бўлади, – дейди Одина опа кўзларига инган мижжа ёшларини артиб. – Бизга яратиб берилган шароит ва имкониятларни эшитиб жуда қувондик. Бепул кўчат, минерал ўғит, техникалар хизматидан фойдаланаяпмиз. Қолаверса, етиштирилган маҳсулотларимиз шу ернинг ўзида эркин бозор баҳосида харид қилиб олиниши даромадимиз салмоғини ошириб, яхши яшаш имкониятини беради.
Мутахассислар эътирофига кўра, 20 сотих экин майдонидан ўрта ҳисобда 20 тоннадан ортиқ ҳосил олинади. Ўтган йили бир килограмм маҳсулот 1 минг 500 сўмдан баҳолангани инобатга олинса, кутилаётган даромад чўғини чамалаб олиш қийин эмас.
Маҳсулот экспортга йўналтирилади
– Маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга чиқарилади, – дейди кооператив хўжалик таъсисчиси, “Арамати-Бағдод” масъулияти чекланган жамияти раиси Фурқатжон Бердалиев. – Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу ерда 8 минг тоннадан ортиқ булғор қалампири етиштирилади. Шу мақсадда маҳсулотларни қабул қилиш, қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш тармоқлари фаолиятини йўлга қўйдик. Ўтган йили 300 минг доллар миқдорида маҳсулот экспортга йўналтирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични уч ҳиссага ошириш кўзда тутилмоқда.
Меҳнатга яраша даромад деганларидек, кооператив хўжалик аъзолари ўзлари етиштириб сотган маҳсулотлардан даромад олиш билан бирга, ўз улушларига қараб йил охирида соф фойда ҳисобидан ҳам моддий манфаат топади.
– Шу кунга қадар 723 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағаллик тоифасига кирувчи ҳамда 42 нафар бир хўжаликда икки ва ундан ортиқ оила яшаётганлар аниқланди, – дейди Бағдод тумани ҳокими ўринбосари, камбағалликни қисқартириш, ресурс манбаларни аниқлаш бўйича хонадонларга кўмаклашувчи ишчи гуруҳ аъзоси Бахтиёр Холдоров. – Айни кунда “Дашт” маҳалла фуқаролар йиғинида 100 нафар оила иссиқхона, “Зафаробод” маҳалла фуқаролар йиғинида эса 210 нафар аҳоли узумчилик, анорчилик, шоликорлик йўналишида ишлаб чиқариш кооперацияларига бирлашди. Шу боисдан ҳар бир оила билан ишлаш, мавжуд ҳолат, имкониятларга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, амалий таклифлар бераяпмиз. Бундан ташқари, камбағал оила фарзандларини касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш борасида иш олиб борилмоқда.
Баҳор яратиш, яшнатиш фасли. Бу азалий анъанага амал қилган ер эгалари ўзлари учун белгиланган ҳудудларда булғор қалампири кўчатини экишни бошлаб юборди. Деҳқонлар таъбири билан айтганда, баҳорнинг ҳар бир куни ғанимат.