“Камалак юлдузлари”: истеъдодлилар сараланмоқда
Навоий ихтисослаштирилган маданият мактабида “Камалак юлдузлари” Республика болалар ижодиёти фестивалининг Навоий вилояти босқичи бўлиб ўтди.
7 ёшдан 14 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида маданият, адабиёт ва санъатни тарғиб қилишга йўналтирилган фестивалнинг вилоят босқичида 500 нафардан ортиқ болажонлар иштирок этди.
– Бугунги кунда юртимизда иқтидорли болаларни аниқлаш, истеъдодли болажонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда, – дейди Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Жонибек Жумаев. – Анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган “Камалак юлдузлари” фестивали ёш авлоднинг маънавий оламини бойитиш, санъат ва гўзалликка интилишини кучайтириш, миллий санъат анъаналари ва йўналишларини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва давом эттириш, иқтидорли болаларнинг ижоди, ташаббусларини кенг оммага, айниқса, ёшлар орасида тарғиб этишга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
[gallery-8090]
Мазкур фестивалнинг маҳалла, сектор, туман босқичида муносиб иштирок этган болажонлар вилоят босқичида 6 йўналиш ва 8 та номинация бўйича ўз иқтидорларини намойиш этди ва уларнинг 54 нафари ғолиб, деб топилди.
– Бугунги танловда мен 11-14 ёшлилар ўртасида фортепиано, торли-камонли, дамли ва зарбли чолғу асбоблари гуруҳида тенгдошларим билан ўзаро баҳслашдим, – дейди фестиваль ғолибларидан бири навбаҳорлик Темур Фазлиддинов. – Мактабимизда мусиқа устозимдан ўрганганларим бугун менга ғолибликни келтирди, деб ўйлайман. Фестивалда иштирок этиб, дўстлар орттирдим. Билмаганларимни ўргандим, камчиликларимни аниқлаб олдим.
Фестиваль якунида барча ғолиблар муносиб рағбатлантирилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА