АҚШ вице-президенти, Демократик партиядан давлат раҳбарлигига номзод Ҳиндистон ва Ямайкадан келган муҳожирларнинг қизи Камала Харрис 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловида республикачи номзод Дональд Трампни мағлуб этса, АҚШ Президенти лавозимини эгаллаган биринчи аёлга айланади.
Камаланинг холаси, Ҳиндистон жанубидаги Тамилнад штатидан 80 ёшли нафақахўр Сарала Гопалан айтишича, жияни феъл-атворига марҳум онасининг мустақиллиги ва одиллик туйғуси ўтган. 1958 йил АҚШга тиббиёт илмини ўрганиш учун келган ва кўкрак саратони бўйича тадқиқот олиб борган опаси Шямала Гопалан Камаланинг тарбиясига сезиларли таъсир кўрсатган.
– Опамнинг муайян қарашлари бор эди, – дейди Сарала штат пойтахти Ченнаи чеккасидаги камтарона уйида “Kyodo News” мухбирига. – Зеро, ўша даврда Ҳиндистон жанубидаги оиланинг 18-19 ёшли қизи АҚШга ўқишга боришини ҳеч ким тасаввур қила олмаган. Хуллас, Нью-Деҳлидаги талаба чет элда ўқишга қарор қилган ва стипендия олиш учун ариза топширган. Опам ҳаммасини ҳеч кимнинг ёрдамсиз қўлга киритди. У қизлари Камала ва Майяни ҳам шундай ўстирган.
Ямайкалик иқтисодчи Дональд Харрис билан Шямала фуқаролик ҳуқуқи ҳаракатига қўшилганда танишган.
Жо Байден президентлик пойгасидан чиққач, партия номзодлигини расман қабул қилган Камала Харрис август ойида Демократик партия Миллий қурултойидаги нутқида ота-онаси ажрашгандан кейин, бошланғич мактабда ўқиб юрганда уни онаси тарбиялаганини таъкидлади.
– Онам бизга ҳеч қачон адолатсизликдан шикоят қилмаслик, балки бу йўлда нимадир қилишни ўргатди, – дейди у.
Гопалан ҳам Шямала адолатсизликни умуман қабул қилмаганини таъкидлайди:
– У қизларига ҳақиқат учун курашиш, тўғри иш қилиш ва одамларга ғамхўрлик қилиш кераклигини уқтирарди. Шямала 2009 йил йўғон ичак саратонидан вафот этгач, Харрис қариндошлари билан бирга онасининг куйдирилган жасади кулини Бенгал кўрфазига сочиш учун Ченнайга учиб кетди. Камала сулоланинг ҳиндистонлик аъзоларини ҳурмат қилади.
Жорий йил октябрь ойи бошида Гопалан Харрис билан боғланиб, суҳбат чоғида ҳамма ўзини Камаланинг “читти”си (тамилча “хола” маъносини англатади) деб чақираётгани, асл исми шарифини, шахсини йўқотаётганини ҳазил билан айтди. Шунда Камала кулиб, “хавотирга ўрин йўқ”, деган.
Президентлик сайлови ҳақида сўралганда, Сарала жияни ҳаётидаги муҳим ютуққа эришишини ажойиб иш, деб ҳисоблашини таъкидлади.
– Соғлигим имкон берса, мен инаугурация маросимида иштирок этаман, лекин бу агар ютқазса, мен жиянимни зиёрат қилмайман, дегани эмас, – деди Гопалан. – Бораман, у оиламизнинг бир бўлаги.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА