Кам даромадли оилаларга кўмак берилмоқда
Когон тумани “Баҳоуддин Нақшбанд” МФЙда аҳолининг яхши турмуш кечириши учун қулай шароитларни яратиш, камбағалликни қисқартириш, маҳалла фаровонлиги, фуқаролар бандлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
– Маҳалламиздаги 1003 та хонадонда 5103 нафар аҳоли яшайди, – дейди “Баҳоуддин Нақшбанд” МФЙ раиси Бахшиулло Боқиев. – Ҳозир хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 103 та хонадон ижтимоий реестрда рўйхатда турувчи, кам даромадли, эҳтиёжманд тоифага киритилди. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида 58 нафар фуқарога 1 миллиард 200 миллион сўм кредит ажратилди. Бундан ташқари, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларида ҳисобда турувчи фуқароларнинг 14 нафарига фаолиятини бошлаш учун субсидия асосида меҳнат қуроллари ва асбоб- ускуналар олиб берилди.
Туманда тузилган ишчи гуруҳнинг ўрганишлари натижасида маҳаллада кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликка барҳам бериш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.



Зариф Комилов, ЎзА мухбири