Калифорния губернатори 500 дан ортиқ олий жазони умрбод қамоққа алмаштиради
Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом штатдаги 500 дан ортиқ ўлим ҳукми муддатидан илгари озод қилиш ҳуқуқисиз умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосига ўзгартирилишини маълум қилди.
Бинобарин, юзлаб ҳолат бўйича якуний қарорни штат Олий суди чиқариши лозим. Очиқ хатида Ньюсом давлат томонидан амалга ошириладиган қатл Калифорния қадриятига зид экани, ҳуқуқ тизими асосига путур етказиши ҳамда жамият обрўсини туширишига урғу берди.
Губернаторлик муддати тугаётган, президентлик пойгасига қўшилишни режалаштираётган ушбу демократ сиёсатчи азалдан ўлим жазосига қатъий қарши чиқиб, 2019 йилдаёқ шу турдаги жазони ижро этишга мораторий киритган. Губернатор идораси тақдим этган маълумотга кўра, авф этиш қарори ўлим жазосига ҳукм қилинган 548 маҳкум, жумладан 529 эркак ва 19 аёлга тегишли.
Штат конституциясига мувофиқ, бир мартадан кўп оғир жиноят содир этганларни афв этиш учун Олий суд розилиги талаб этилади. Яъни, маҳкумларнинг қарийб 70 фоизи – 382 нафари бўйича қарор суд томонидан тасдиқланиши шарт. Ўлим жазоси бўйича ахборот маркази маълум қилишича, Ньюсомнинг қарори АҚШ тарихидаги энг йирик оммавий авф этиш воқеаси бўлади. Агар барча ҳолатлар маъқулланса, мамлакат бўйлаб ўлимга ҳукм қилинганлар қарийб 30 фоиз камаяди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА