Кафолатланган даромадли бизнес
Фарғона вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари изчил олиб борилмоқда.
Биргина Қўштепа туманидаги 58 та ижтимоий соҳа объектида шу кунга қадар 332 кВт қуёш панеллари ўрнатилди. Эътиборлиси, мазкур ташкилотлар ўз эҳтиёжидан ортган электр энергиясини электр таъминоти корхонаси орқали сотиб, қўшимча даромад олиш имконига эга бўлмоқда. Қатор тадбиркорлик субъектлари ҳам энергия таъминотини 82 та қуёш панели орқали йўлга қўйган.
Бундан ташқари давлат томонидан берилаётган имтиёзлар, банкларнинг имтиёзли кредитлари ёрдамида тумандаги 225 та аҳоли хонадонида умумий қуввати 589 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Аҳоли турар жойларидан ташқари тадбиркорлик ва ижтимоий объектлари 3100 литрли қуёш сув иситиш ускуналарига эга бўлди.
Қуёш панеллари ўрнатилиши эвазига эҳтиёжларидан ташқари даромад топаётганлар “Шаҳартепа” МФЙда кўпчиликни ташкил этади.
[gallery-19081]
– Маҳалламиздаги 937 та оилада 4870 нафар фуқаро истиқомат қилади, - дейди “Шаҳартепа” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Ғолибжон Мадаминов. – Маҳалламизда ўнга яқин фуқаро яшаш хонадонларига қуёш панели ўрнатгач, эҳтиёжларидан орттириб, даромадли ҳам бўлишмоқда. Бундай фуқаролар давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Айни пайтда қуёш панелларини сотиб олиш ва ўрнатишни истаган аҳоли сони ортиб бораётгани қувонарлидир.
Мазкур маҳаллада яшовчи Нурматжон Абдуллаев яшаш хонадонининг том қисмига қуёш панелларини ўрнатиб, бу имкониятдан самарали фойдаланаётган ишбилармонлардан бири.
– Авваллари ҳамма қатори давлатдан электр энергия сотиб олар эдим, - дейди Н. Абдуллаев. – Қувонарлиси, қуёш панели ўрнатганимдан сўнг электр энергиясини давлатга сотяпман. Бир ойда ўртача 500 минг сўмгача электр энергияси учун харажат қилардим, бугун эса ушбу харажатимдан ташқари 5-6 миллион сўм миқдорида даромад оляпман. Қуёш панели ҳам эҳтиёжни қондириб, ҳам даромад келтиргани учун ўз хонадонимдан ташқари ота ҳовлимга 50 кВт қувватли, “Комрон пойабзал” оилавий корхонамизга эса 280 кВт қувватга эга бўлган 512 та қуёш панели ўрнатганман. Чиндан ҳам қуёш панели кафолатланган даромадли бизнес экан.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА