Кафансиз, жанозасиз кўмилган Ибрат
31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Наманган вилоятига ташрифи чоғидаги учрашувлардан бирида миллий уйғониш даврида Фарғона водийсидан чиққан тараққийпарвар, маърифатчи, ўз даврининг етук зиёлиси, юрт озодлиги учун кураш олиб борган сиймолардан бири Жунайдуллахўжа ўғли Исҳоқхон Ибрат ҳақида тўхталиб, бу атоқли маърифатпарвар ўзига Ибрат таҳаллусини бежиз танламагани, унинг юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугун ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолаётганини таъкидлаган эди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 майдаги “Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисидаги” қарорида ҳам маърифатпарвар жадидларнинг Ватанимиз ва жаҳон тарихидаги муҳим ўрни ва аҳамиятини, миллий истиқлолимизнинг маънавий асосларини яратишдаги фидойиликларини, ибратли ҳаёти ва фаолиятини, бой илмий, ижодий меросини чуқур ўрганиш ва фаол тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни янада кенгайтириш юзасидан қатор вазифалар белгиланган.
Президентимиз томонидан жорий йил 19 июлда қабул қилинган “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш, ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарорда эса жадидчилик ҳаракати қурбонларининг фожеали тақдирини, уларнинг совет тузуми томонидан қатағон қилиниши жараёни, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни ҳозирги ва келгуси авлодларга етказиш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилган.
Андижон давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи ходимлари қатағон қурбони бўлган кўплаб юртдошларимиз қатори жадидчилик ҳаракатининг илғор вакилларидан бири Исҳоқхон Жунайдуллахўжа ўғли Ибрат, унинг аянчли тақдири ҳақида қатор маълумотлар тўплаган.
Архивдан олинган ҳужжатлар орасида қуйидаги анкета бор. “Исҳоқхон Тўра 1861 йили Тўрақўрғон даҳасининг Сайрам маҳалласида туғилган, яшаш жойи ўша манзилда бўлган, ўз шахсий уйига, битта сигир ва битта отга эга, арава, 16 таноб ери бўлган. Ҳибсга олинган пайтдаги ижтимоий аҳволи мулкдор, келиб чиқиши йирик деҳқон, миллати ўзбек, СССР фуқароси, партиясиз, олий маълумотли, мадрасани битирган, ревматизм билан оғриган, оила аъзолари: ўғли Аббосхон 57 ёшда, машғулоти аниқ эмас, Ваққосхон – 35 ёшда, колхозчи, Фаёзхон – 31 ёшда, деҳқончилик қилади, Ротибхон – 7 ёшда, қизлари – Зарифахон-18 ёшда, Турсунхон-16 ёшда, Апинахон-13 ёшда”. Бу анкетага Исҳоқхон Тўра ўзи имзо қўйган.
Ўғли Аббосхон Тўра 1879 йил Косонсойнинг Тўрақўрғон қишлоғида туғилган, доимий яшаш жойи Шаҳрихоннинг Тумор қишлоғи, ўртаҳол деҳқон, ўзбек, партиясиз, ўрта маълумотли, оила аъзолари – отаси Исоқхон Жунайдуллаев, хотини Отахонова Нуринисо – 45 ёшда, уй бекаси, ўғли Рашид – 3 ёшда, ўғли Карим – 11 ёшда, ўғли Миха – 19 ёшда деб кўрсатилган.
1937 йил февраль ойида Шаҳрихон (Сталин) райони ички ишлар бўлими бошлиғи, давлат хавфсизлиги лейтенанти Павел Дамин-Зубов ўз одамлари билан бир кунда Исҳоқхон Тўра ва ўғли Аббосхон Тўрани ҳибсга олади, уй хўжалигида тинтув ўтказади.
Яна бир ҳужжатда Аббосхон Тўра 1929 йилгача мулксиз бўлгани, ижтимоий ҳолати хизматчи экани, ижтимоий келиб чиқиши ўртаҳол деҳқонлиги, миллати ўзбеклиги, 1930 йили қулоққа тортилгач, Шаҳрихон қишлоқ совети Тумор қишлоғига келиб яшай бошлагани, қишлоқ имоми экани, ўзи ва оила аъзолари колхозга аъзо эмаслиги, Тумор қишлоғида диндорларнинг маҳфий йиғилишида қатнашгани, совет ҳокимиятига қарши курашиш мақсадида аҳоли орасида аксилинқилобий тарғибот олиб боргани, бу ишга бошқаларни ҳам даъват этгани кўрсатилиб, Андижон турмасида ҳибсда сақлаш эҳтиёт чораси ўз кучида қолдирилганлиги қайд этилган.
Маҳбус Аббосхон Тўра уни имзолаб, тасдиқлаган.
Терговчи турли қийноқлар орқали Аббосхон Тўрадан отаси Исҳоқхон Тўранинг “аксилинқилобий” ҳарактердаги фаолияти тўғрисида маълумот олишга эришади. Оқибатда Исҳоқхон Тўра ҳам ҳибсга олиниб, Андижон турмасига ташланади. Шунингдек, тергов жараёнида Убайдулла Маҳсум Отабой Аъламов, Жабборхон Султонхонов, Умарали Жумабоев, Деҳқонбой Сўфи Дўсматов, Акбарали Ниёзов, Мўътабархон Султонхоновнинг “аксилинқилобий” фаолияти ҳақида маълумотлар олинган, улар ҳам ҳибсга олиниб, тергов қилинган, оғир қийноқларга солинган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати архивида Андижон округи Сталин (ҳозирги Шаҳрихон) райони ички ишлар бошлиғи, давлат хавфсизлиги лейтенанти П.В.Дамин-Зубов 1937 йил 8 февраль куни Исҳоқхон тўра Жунайдуллаевга нисбатан эҳтиёт чорасини белгилаш учун давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Лисицинга тақдим этган ҳужжат сақланган. Уни айнан келтирамиз: “Андижон шаҳри 20 февраль куни ЎзССР НКВД Маъмурий ҳизмат бошлиғи, давлат хавфсизлиги лейтенанти Лисицин, Давлат хавфсизлиги сержанти Деревянченко Исоҳон Тўра Жунайдуллаевни – 1861 йили туғилгани, Тўрақўрғон райони, миллати ўзбек, СССР фуқароси, маълумоти олий, араб, форс, турк, афғон, ҳинд ва рус тилларини билишлигини қайд этган.
Исоқхон Тўра инқилобгача 10 йил қозилик қилган, советлар томонидан қатағонга тортилган, 1926 йили ер майдони сотиб олгани учун бир йил қамоқ жазосига ҳукм этилган, 1936 йил август ойида мусулмон руҳонийларининг махфий йиғинида иштирок этган, унда СССРнинг бошқа давлатлар билан уруши бўлиши муқаррарлиги муҳокама этилган ва Совет ҳокимияти мағлуб қилиниши айтилган. Бу йиғинларда колхозчилар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб бориш ҳақида қарор қабул қилинган.
Совет ҳокимияти билан курашиш учун аксилинқилобий унсурлардан ташкилот тузиш мақсадида Сталин райони қишлоқ совети Юқори Шаҳрихон Тумор қишлоғидаги иккита кенгашда иштирок этиб, шахсан ўзи нутқ сўзлаб урушнинг бўлиши муқаррарлигини, “Мусулмонобод” давлати тузишни айтган.” деган ёзувлар баён этилган.
Ўзбекистон Ички ишлар халқ комиссарлигига НКВД Андижон сектори томонидан 1937 йил январь-февраль ойларида Сталин районидаги аксилинқилобий, миллатчи, қўзғолончи, исёнчи гуруҳ (ячейка) ... - 2519 сонли иши бўйича Убайдулла Маҳсум Отабой Аъламов, Исҳоқхон Тўра Жунайдуллаев, Абббосхон Тўра Исҳоқхон Тўра ва бошқалар, жами 8 киши ЎзССР Жиноят Кодекси 66- моддаси 2-банди ва 67- моддаси билан айблангани, жинойи жавобгарликка тортилгани ҳақида хулоса тақдим этилган.
Хулосада Сталин районидаги тугатилган аксилинқилобий ячейка ўз олдига совет ҳокимиятини ағдариш вазифасини қўйиб, Ўзбекистонда мусулмонлар давлатини ташкил этишни мақсад қилганлиги, бу йўлда босмачи тўдалар, интервентларга ёрдам кўрсатишни, барча ҳаракатлари СССРга қарши қаратилганлиги айтилган.
Текширув баённомасида аксилинқилобий ячейка иштирокчилари Убайдулла Маҳсум Отабой Аъламов, Исҳоқхон Тўра Жунайдуллаев, Аббосхон Тўра Исҳоқхон Тўраев, Жабархон Султонхонов, Қамбарали Ниёзов, Умарали Жумабоев, Мўтабархон Султонхонов, Деҳқонбой Сўфи Дўсматовлар эканлиги, улар аниқланганлиги баён этилган.
Исоқхон Ибратни оқлаш борасидаги дастлабки суриштирувларда ЎзССР Министрлар Совети ҳузуридаги Давлат хавфсизлик комитети Андижон области, Андижон шаҳри бўйича бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотномада Андижон турмасида Жунайдуллаев Исҳоқхон иши юзасидан, унинг ўлими сабаби ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлиги айтилган. Бироқ Андижон шаҳридаги 4-сонли турма архивида Жунайдуллаевнинг дастлабки тергов қилиш вақтидаги унинг ҳисоб карточкасида 1937 йил 19 июнда вафот этгани қайд этилган.
Аслида ЎзНКВД Андижон сектори бўлимининг собиқ бошлиғи Макаревич шахсан Исҳоқхон тўра Жунайдуллаевни тергов қилган. Тергов жараёнида Макаревич маҳбусдан “айби”ни бўйнига олувчи кўрсатма, маълумот олиш, тергов матералларини сохталаштириш мақсадида маҳбусга азоб берган, жисмонан қийнаган. Оқибатда 76 ёшли кекса Исҳоқхонтўра Ибрат даҳшатли қийноқларга бардош бераолмай, қамоқхонада вафот этган.
Маърифатчи олим, жадидчилик ҳаракатининг пешқадам вакили, шоир, тилшунос, янгича усулда мактаб очган, ўқув дастурига рус тилини киритган, ўз қишлоғида “Матбааи Исҳоқия” номли босмахона ташкил этган, Туркия, Болгария, Греция, Италия, Афғонистон, Саудия Арабистони, Ҳиндистон давлатларида бўлган, араб, форс, инглиз, ҳинд ва урду тилларини ўрганган, Исҳоқхонтўра Жунайдуллахўжа ўғли Ибрат Андижондаги қатлгоҳга тунда жанозасиз, кафансиз яширинча кўмилган.
У билан бирга айбланган Аббосхонтўра Исҳоқхонтўраев, Убайдулла Махсум Отабой Аъламов, Жабборхон Султонхонов, Деҳқонбой Сўфи Дўстматов, Умарали Жумабоев ЎзССР НКВД Учлигининг қарори билан 1937 йил 10 августда отувга ҳукм қилинган. Шунингдек, ушбу ячейка аъзолари деб ҳисобланган Акбарали Ниёзов, Мўътабархон Султонхоновлар эса 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Исҳоқхон Жунайдуллахўжа ўғли Ибратнинг 1930 йилда туғилган ўғли Ротибхон 1959 йилнинг 28 майида Ўзбекистон ССР Олий Советига қуйидаги мазмунда ариза йўллаган: “Менинг отам Ибрат, Анисий тахаллуси билан асарлар ёзган прогрессив олим Исҳоқ Жунайдуллаев 1862 йилда Тўрақўрғон қишлоғида ўқимишли хонадонда туғилиб, ёшлик даврида Тўрақўрғон, Наманган ва Бухорода билим олган. Ўз ҳаётида билим қидирган отам Россиянинг кўп шаҳарларида, Туркия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ҳамда Хитой давлатларида бўлган. Рус илмини, ўқиш, ёзиш ва таржималар қилишни мукаммал билган. Борган маамлакатларинининг тили ва маданиятини ўрганиб, улар ҳақида асарлар ёзган, ҳозиргача сақланган, “Жомул хутид” (Хатлар йиғиндиси), “Фарғона тарихи”, “Маданиятлар тарихи”, “Етти тилда” луғат” ва бошқа майда асарлари билан маълумдир. Бу манбалар Тошкентда Шарқ қўлёзмалари институтида ва ёзувчилар союзининг Наманган область бўлимида сақланмоқда.
Отам билим тарқатувчигина бўлиб қолмай маърифатпарвар, маданиятга ундовчи шахс бўлган. Революциядан илгари Наманганда “Исоқия” номли типо-литография ташкил қилиб ўз асарлари ва халқни маърифатга чақирувчи бошқа асарларни босиб турганки, ҳозирда Намангандаги “Ударник” босмахонаси собиқ “Исҳоқия” литографияси базасида ташкил бўлган. Отам 1924 йилгача халқ судяси лавозимида ишлаб келганлиги ҳақида замондошлари маълумот берди. Кейинчалик қарилик туфайли ишдан қолган.
1937 йилнинг февраль ойида отамни тўсатдан қамоққа олишган ва 75 ёшда 1937 йил май ойида Андижон турмасида вафот этган. Мен 1930 йилда туғилиб отамни қамалиш сабабини билолмаганман. Ушбу аризам билан отамни қамалиши сабабини ва унинг сўнгги вақтда оқланганми йўқми шу ҳақида маълумот бериб, отам ҳақида тўлароқ ёзишимга имкон беришингизни сўрайман.”
Ана шу ариза бўйича ЎзССР Министрлар Совети ҳузуридаги Давлат хавфсизлиги комитетининг Андижон области бўйича катта терговчиси капитан Лысенко томонидан 1959 йил 5 сентябрда архив тергов иши бўйича хулоса тайёрлаган. Хулоса ЎзССР Министрлар Совети ҳузуридаги Давлат хавфсизлиги комитетининг Андижон области бўйича бўлим бошлиғи А. Сычев томонидан тасдиқланган. Бу ҳужжатга кўра, 1937 йил 10 августда ЎзССР НКВД ҳузуридаги Учлик қарори билан Аъламов Убайдулла Маҳсум Отабой, Тўраев Аббосхон тўра Исҳоқхон Тўраев, Жабборхон Султонхонов, Умарали Жумабоев, Деҳқонбой Дўсматовлар отувга ҳукм этилганлиги, ҳукм ижро этилганлиги қайд этилган.
Уларга шерик деб ҳисобланган Акбарали Ниёзов, Мўтабархон Султонхоновлар эса 10 йил муддатга меҳнат-тузатув лагерига ҳукм қилинганлиги баён этилган.
Хулосада юқоридаги айбланувчилар асоссиз ҳибсга олингани ва суд қилиниб, жазога тортилгани асоссиз эканлиги кўрсатилган.
Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
Андижон давлат университети тузилмасидаги
Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори,
тарих фанлари доктори, профессор.
Нигорахон АКБАРОВА,
Қатағон қурбонлари хотираси музейи ходимаси.
ЎзА