Кадрлар малакаси доимий эътиборда
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ходимларини янги молиявий инструментлар билан таништириш, бу борадаги хорижий амалиёт ҳақида билимини ошириш ва тажриба алмашиш мақсадида махсус ўқув курси бошлангани муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ходимларини янги молиявий инструментлар билан таништириш, бу борадаги хорижий амалиёт ҳақида билимини ошириш ва тажриба алмашиш мақсадида махсус ўқув курси бошлангани муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бош директори Ж.Мустафоев, "Дойче Банк АГ"нинг Нью-Йоркдаги бўлими вице-президенти Бен Бруно ва бошқалар Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида молия-банк тизимини ислоҳ этишга қаратилган изчил чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш, халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этиш ва ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Бунда банк ходимларининг профессионаллик даражасини ошириш, маҳаллий экспортчиларга нисбатан қўлланилаётган молиялаштириш механизмларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки хорижий давлатлар, жумладан, Германия билан иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, чет эл капиталининг мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда қатнашишга бўлган қизиқишини уйғотиш, хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш орқали ҳамкорликни янада ривожлантирмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 12 мартидаги Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори дастуриламал бўлаётир.
Анжуманда “Дойче Банк АГ” фаолияти ҳақида маълумот берилди. Эришилаётган ютуқлар, корпоратив бошқарув ва кадрлар салоҳияти юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
– Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ўн беш йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз, – дейди “Дойче Банк АГ”нинг бош офиси вице-президентининг ёрдамчиси Жед Мазур. – Вакиллик ҳисобрақами орқали халқаро ҳисоб-китобларни олиб бориш, ғазначилик битимлари, савдо ва лойиҳаларни молиялаш, мутахассисларнинг малакасини оширишни ташкиллаштириш шулар сирасидандир.
Матбуот анжуманида маълум қилинишича, банк ходимларининг касбий билимларини янада оширишга қаратилган ўқув курсларида “Дойче Банк АГ”нинг мутахассислари молиявий ҳисобот, молиявий кўрсаткичларнинг йиллик баҳоланиши, монетар инструментлар, инвестицион баҳолаш, корпоратив молиялаш усуллари ҳақида маърузалар қилади.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига соҳа мутахассислари жавоб берди.