Кадастр соҳасидаги ислоҳотлар муҳокама қилинди
Бухоро вилоят кадастр бошқармасида “Кадастр соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, тизим фаолиятининг долзарб масалалари, ахборот очиқлигини таъминлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мулоқотда Кадастр агентлиги директорининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Неъматжон Атамуродов, соҳа мутахассислари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди. Учрашув давомида рақамлаштириш жараёнлари, ер муносабатларини тартибга солиш, ахборот очиқлигини таъминлаш ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида ер ва кадастр назорати соҳасида кенг қамровли мониторинг ишлари амалга оширилди. Натижада 1 180 та ҳолатда жами 26,7 гектар ер майдонининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани ҳамда ушбу ҳудудларда ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилгани аниқланди.
Бу рақамлар ер ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунийликни таъминлаш бўйича назорат ишлари қанчалик кучайтирилганини кўрсатади. Муҳими, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Ер майдонларини ноқонуний эгаллаб олган шахсларга расмий кўрсатмалар берилди ва профилактик тадбирлар натижасида 677 та ҳолат бўйича 11,3 гектар ер майдонидаги қонунбузилишлар жойнинг ўзида бартараф этилди.
Шу билан бирга, 6,6 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилишларни буздириш ҳамда ерларни аввалги ҳолатига қайтариш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судларга 183 та даъво аризаси киритилди. Бу эса қонун устуворлигини таъминлаш йўлида қатъий ва муросасиз ёндашув амал қилаётганидан далолат беради.
Кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ишлари ҳам тизимли равишда давом эттирилмоқда. Вилоят бўйича 2024-2026 йилларда 287 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 99 тасида ушбу ишлар жорий йилда амалга оширилиши белгиланган.
2026 йил 5 июнь ҳолатига кўра, 78 минг 265 та объект хатловдан ўтказилди. Шундан 30 минг 167 таси “ETIROF” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган. Бу рақамлар кадастр соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш ва маълумотлар базасини шакллантириш ишлари юқори суръатларда давом этаётганини кўрсатади.
Айни пайтда 19 минг 434 та объект бўйича ҳужжатлар муҳокама жараёнида турибди. Шунингдек, 5 минг 963 нафар фуқаронинг мулк ҳуқуқи эътироф этилган бўлса-да, уларнинг 2 минг 474 нафари ҳалигача ўз ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказмаган.
Очиқ мулоқот давомида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш натижалари ҳам таҳлил қилинди.
Тадбир якунида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири