“Кабар” ахборот агентлиги Бош директори ЎзАга келди
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида 24 октябрь куни Қирғиз Республикасининг “Кабар” Миллий ахборот агентлиги Бош директори Кубаничбек Таабалдиев билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан бир дарёнинг икки қирғоғида яқин қўшни сифатида яшаб келгани, тарихимиз, маданий ва диний қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз ўхшаш экани таъкидланди. Буюк адиб Чингиз Айтматов айтганидек, «Халқларимизнинг қони бир, тили бир».
Қирғизистон Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. Мамлакатларимизнинг стратегик шериклиги тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистон пандемия даврида Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди, халқларимиз бир-бирини қўллаб-қувватлади. Шунинг ўзиёқ бир-биримизга қанчалик боғлиқ ва кераклигимизни кўрсатди.
Учрашувда мамлакатларимизнинг дўстлигини янада мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситаларининг роли катта экани таъкидланди. Ўзбекистондаги ютуқларни қирғиз биродарлар ўқиса, Қирғизистондаги ўзгаришлардан ўзбек эли хабардор бўлса баравар қувонади. Бу аҳиллик ва ўзаро борди-келди янада кенгайишига замин яратади.
К.Таабалдиев мамлакатимизда ўтадиган муҳим сиёсий-ижтимоий тадбирларнинг фаол иштирокчиси. У жорий йил 15-16 июль кунлари Тошкентда ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда халқаро эксперт сифатида иштирок этганди. Бу гал Президент сайловини кузатмоқда.
– Ўзбекистонликларнинг сайловдаги иштирокини кўриб хурсанд бўлдим. Ҳақиқий байрам! Ҳаммаёқ тоза-озода, тартибли, ҳеч қандай шов-шув йўқ, барча кўтаринки кайфиятда. 5 та сайлов участкасида, жумладан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлдим. Эрталаб соат 9 да борган бўлсам, 10 фоиз сайловчи овоз бериб бўлибди. Участка вакиллари кузатувчиларнинг ҳамма саволларига жавоб бераяпти. Мен бундай уюшқоқликни кўрган эмасман, – деди К.Таабалдиев.
“Кабар” – ЎзАнинг яқин ҳамкори. 2017 йилда агентликларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ҳамкорларимиз ўз сайтида “Ўзбекистон янгиликлари” махсус рукнини ташкил этган.
Учрашувда Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муҳити мустаҳкамланганидан фойдаланиб, минтақа давлат ахборот агентликлари учрашувлари йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Томонлар ўз журналистлари иштирокида медиа-форум ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Мулоқот самимий ва дўстона руҳда ўтди.
ЎзА