“Кўринмас душман”га қарши жанг
Дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган коронавирус пандемиясига қарши кураш кескин тус олмоқда.
Дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган коронавирус пандемиясига қарши кураш кескин тус олмоқда. Жорий этилаётган карантин ва ўзини изоляция қилиш чоралари, олиб борилаётган кенг кўламдаги дезинфекциялаш тадбирлари вирус билан курашишда яхши самара бераётганини таъкидлаш жоиз.
Юртимизда ҳам пандемия тарқалишининг олдини олиш бўйича кенг кўламли дезинфекциялаш тадбирлари Қуролли Кучлар тузилмаларининг тактик махсус ўқув машғулотлари доирасида ўтказиб келиняпти.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари билан “кўринмас душман”га қарши навбатдаги тактик махсус операцияси халқимиз саломатлигини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлардан бири бўлди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Албатта, ҳар бир ҳарбий машғулотда ўқув нишонлари, шартли душман техника ва кучларининг макетларига қарши зарба берилишини кўришга ўрганганмиз. Лекин бу ҳолатда қурол ўрнини дезинфекциялаш ускуналари, ҳарбий аслаҳани эса тиббиёт ҳимоя костюмлари эгаллаган. Чунки бу ўқув машғулотларидаги “душман” ўта айёр, унинг куч ва захиралари кўринмасдир. Биргина йўл, ўқ-дори ва снарядларни алмаштирган дезинфекция учун эритма билан “кўринмас душман” жойлашиши эҳтимоли катта бўлган ҳудудларни зарарсизлантиришдир.
Нукус шаҳрининг марказидаги майдонда жам бўлган куч ва воситалар “душман”га қарши тактик махсус ўқув машғулотини ўтказиш ҳудудларини белгилаб, кучларни тақсимлашди.
Юқори қўмондонлик томонидан олинган топшириққа мувофиқ, бу сафар қўшинлар шаҳардаги бозорлар, йирик савдо мажмуалари, одам гавжум бўлиши мумкин бўлган йўналишлар ҳамда марказий кўчаларда ўқув-жанговар вазифани бажаришлари керак. Тез фурсатда белгиланган жавобгарлик ҳудудларига тарқалган куч ва воситалар “кўринмас душман” эҳтимолий йўналишларига зарба бера бошлади.
Ҳарбий техникаларга ўрнатилган акустик тизимлар орқали аҳоли ўртасида пандемия касаллиги тарқалишининг олдини олиш ва жорий этилган карантин қоидаларига амал қилишга даъват этувчи эшиттиришлар қўйилиб, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга чорловлар янгради.
Кун давомида бўлинмалар томонидан ҳамкорликда 100 минг квадрат метрдан ошиқ бўлган ҳудудда “душман” кучларини йўқ қилиш бўйича махсус операция бажарилди.
Ўқув машғулоти якунига кўра куч тузилмаларининг ҳамкорликда олиб борган саъй-ҳаракати билан “душман” кучларининг катта қисми йўқ қилинган. Аммо ҳали натижа ҳақида гапиришга эрта. Қолган ҳудудларда ҳам зарарсизлантириш ишларини олиб бориш керак. Шу сабаб ҳамкорликдаги тактик махсус ўқувлар давом этади.