Кўнгилларни кўтариб, янги орзулар улашиб...
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббусига кўра эл суйган санъаткорлар, таниқли спортчилар Сардоба сув омбори талафоти туфайли Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги ҳарбий қисм ётоқхонасига вақтинча кўчирилган аҳоли билан учрашди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббусига кўра эл суйган санъаткорлар, таниқли спортчилар Сардоба сув омбори талафоти туфайли Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги ҳарбий қисм ётоқхонасига вақтинча кўчирилган аҳоли билан учрашди.

“Шайтанат” сериалида Асадбек образи билан юртдошларимиз қалбидан жой олган Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мираббос Мирзааҳмедов, дзюдо бўйича Осиё чемпиони Рамзиддин Саидов, таэквондо бўйича Осиё ўйинлари ғолиби Жасур Бойқўзиев, шахмат бўйича халқаро турнирлар ғолиби Сарвиноз Қурбонбоева, эркин кураш бўйича жаҳон чемпиони Жамшид Маъруфов, баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш бўйича жаҳон чемпиони, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Жавоҳир Қурбонов, спортнинг универсал жанг тури бўйича 8 карра жаҳон чемпиони Алишер Абдуллаевлар аҳоли билан дилдан суҳбатлашди, уларнинг фарзандлари ўртасида спорт ўйинлари ўтказилди.
Кўнгли бироз синиққан болаларнинг дўстона беллашувлардан сўнг кайфияти кўтарилди. Офат жабрдийдалари бутун Ўзбекистон халқи ўзлари билан бирга эканини яна бир бор ҳис қилди.
Беллашувларда иштирок этган болаларга совғалар улашилди. Бу совғаларни дунёга танилган машҳур спортчилар қўлидан қабул қилиб олиш эса улар учун жуда фахрли бўлди ва келажакда шу ака-опалари каби юртимиз шарафини юксакларга кўтарадиган йигит-қизлар бўлишни ният қилдилар.
Сарвиноз Қурбонбоева шахматга қизиқадиган йигит-қизларга маҳорат дарси ўтди. Китоб жамланмалари совға қилинди.