Кўнгил кечинмалари: ҲАЁТ
Самога боқаман. Бўлмайди.
Самога боқаман. Бўлмайди. Қуёш кўзимни қамаштириб халал беради. Нима қилиш керак? Қуёшдан ҳам баландроқда бўлиш. Муаммонинг ечими шу. Баландлик керак. Коссюшко, Жая, Климанжаро, Аконкагау, Эверест. Йўқ! Бу етарли емас. Яхшиси ўз тоғимни пайдо қиламан. Энг баланд чўққи. Биринчи қадам. Ҳозирча енгилликни ҳис қиляпман. Ҳаёлимда осонликча забт етадигандек туюлади. Мен осмонга чиқяпман.
Ҳақиқий қувонч завқи мени қуршаб олди. Тезлашаман. Югураман. Ниятим тезроқ юксакка кўтарилиш. Тоғ қиялай бошлади. Лекин, бу менга халал беролмайди. Ахир мақсадим улуғ. Унда тўсиқ бўлиши керак емас. Янада қиялашди. Энди қўлларим билан ҳам ҳаракат қиляпман. Гавдамни тик тутолмайман. Бўлмаса йиқилишим аниқ. Майли… юқорида айтганимдек бу тўсиқлар менга халал беролмайди. Қадам қўйганим сари ўзимда қандайдир қудратни ҳис қиляпман. Лекин, ҳар доимгидек жисмим менга ожизлик қилди. Енгил нафас ўрнини ҳансираш эгаллади. Баданимдан тер оқа бошлади. Алам қиларлиси мен ҳали тоғнинг ярмига ҳам етганим йўқ. Кўксимни қияликдаги бир харсангга бериб ётиб олдим. Ҳаёлимдан қани энди бир қултум сув бўлсайди, деган ўй ўтди. Ҳа эринчоқлик қилиб ортиқча юк керак емас деган ниятда устимдаги кийимдан бошқа ҳеч нарса олганим ёқ. Иложи бўлсаки қайтиб пастда пайдо бўлиб қолсам.
Шунда талайгина сув ғамлаб олардим ва шошилмасдан тепага чиққан бўлардим. Лекин, ҳозир пасга тушсам анчагина ютқазган бўламан. Қуёшнинг мени масхара қилиб кулиб устимга иссиқликни бераётганига қарамай ўрнимдан турдим. Энди ортга й ў л й ў қ. Тан оламан чарчадим лекин илож қанча. Юқорига талпинганимни биламан димоғимга қандайдир хушбўй ҳид урилди. Ажабо! Бу ҳид… ҳидга нисбатан ҳусн сифатларини ишлатиб бўлмайди. Лекин, мен қўрқмасдан айта оламан. Қандай гўзал ҳид. Негадир юрагим тез-тез ура бошлади. Яқинда ҳис қилган чанқоғим энди йўқ. Мен қайта туғилгандек эдим. Юрагимдаги ҳаяжон мени ўз танамга сиғдирмасди. Қидираман. Бу мушк қаердан келяпти. Мени бунчалик ҳаяжонлантирган нарса нима бўлиши мумкин. Девонадек у ёқдан бу ёққа кўз ташлайман, ахтараман. Димоғимга урилган бўй томонга талпинаман. Топдим. Топдиму ҳафсалам пир бўлгандек. Мени ақлдан оздирган, менга қайта ҳаёт берган нафислик қаршимдаги оддийгина тиканли ва кўримсиз гулдан келаётган экан. Шундай бўлиши мумкинми ахир. Мана шу ожиз нарса мени ўзига бўйсундириши мумкинми.
Тушунарсиз фалсафа. Ҳаёлимда юқорига тирмашишни давом этсамми деган фикр келди. Аммо ундай қилолмасдим. Кўримсизгина гулни ташлаб кетолмасдим. У менга бераётган куч юқорига чиқишимга ёрдам бериши аниқ. Қўлим билан юлмоқчи бўлдим. Аммо, севганини мендан рашк қилаётгандек тиканлар гулни ушлашимга қўймасди. Кичкина тошларни харсангга уриб учини ўткирладим. Ва секинлик билан гулни тагидан кеса бошладим. Шунга қарамай ярамас тиканлар қўлимни шилиб ташлади. Чўнтагимга солсам гул нобуд бўлади. Яхшиси қулоғимга қистириб қўяман. Келаётган ифор ва олдинга қўйилган мақсад мени яна олға интилишга ундарди. Қадам - бақадам юксаклик. Шамол эса бошлади. Салқин шамол.
Терлаган баданимга урилиб менга ажиб бир роҳат бағишлар еди. Негадир қуёш кўринмаяпти. Ҳа уни булутлар тўсиб қўйибди. Қора булут. Ёмғирдан дарак беряпти шекилли. Яна озгина кўтарилганимдан кейин юзимга томчи томгандек бўлди. Аста — секин томчилар кўпая бошлади. Майинлик билан ёғаётган ёмғир мени қувонтиряпти. Худдики маррага етишимни у ҳам хоҳлаётгандек. Оқаётган тер энди йўқ. Ёмғир мени қайтадан поклади. Кўтарилишда давом этяпман. Тоғнинг ярмидан ўтганимга ҳам анча бўлди. Ёмғир ҳамон ёғаяпти. Мен маррага етишимга ишонаяпман. Негадир қўлларим ачишишни бошлади. Бу пастда гулимнинг меҳрига берган “ҳадяси”дан бўлса керак. Тирмашганим сари қон оқаётганини сезмабман ҳам. Шу пайт, бирданига юзим билан тошга урилдим. Нима бўлди. Нега йиқилдим. Ҳамма ёғим лой бўлди. Тойиб кетибман. Туриб яна кўтарилмоқчи эдим, аммо яна йиқилдим. Бу нимаси… Ёмғир буни билармиди? Мени йиқилишимдан хабари бормиди? Нега? Ахир менга ёрдам бераётганди-ку? Қизиган танамни салқинлатмаётганмиди? Бир кўзимга сирқираб қон оқаётганини сездим.
Пешонам ёрилганга ўхшайди. Гулимга ҳам жароҳат етибди. Эссиз! Ёмғир, наҳот сени қандайлигингни билмаган бўлсам. Ахир қора булутдан ёғаётганингни кўриб тургандим-а. Ҳамма айб ўзимда. Лекин, гулимда нима айб. Ахир уни мен юлгандимку. Ундан бу ишим унга ёқадими йўқми? Сўраганим ҳам йўқ. Масъулиятни бўйнимга олдим. Аммо, елкамдаги бурчимни бажара олмадим. Гулим кўз ўнгимда нобуд бўлди. Эзилган гулбарглари мен билан сўнги бор видолашётгандек бор ҳидини таратарди. Шамол олиб кетмасин деб майда тошчалар билан бостириб қўйдим. Гулимнинг устига томчи қўнарди. Аммо, бу ёмғир емас. Бу менинг аламли кўз ёшларим. Ёмғир мени поклади дегандим. Янглиш фикр. Мени, умуман инсон зотини унинг кўз ёшлари поклайди. Кўз ёш алдамайди. Инсон чин дилдан хато қилганида ўзини жазолаши ёки юпатиши учун йиғлайди. Оқаётган теримни ёмғир ювганида хурсанд бўлгандим.
Ҳолбуки, шу тер қандайдир мақсад сари бораётганимни кўрсатмаётганмиди? Елкамда қуёш нури қўнганини сездим. Етар! Ғалаба мени кутяпти. Бу кўз ёшларимни юқорига чиқиб қувонч мевасига айлантираман. Ҳозир қўядиган қадамим бошқаларига нисбатан бошқачароқ. Бу қадамимни ўзим учун қўймайман. Тўкилаётган терларим ва мени деб гулим бежизга сўлмаганлигини исботловчи қадам бўлади бу. Энди юксалишга интилмайман. Шунчаки бошлаган йўллимни охирига етказиш масъулияти билан бораман. Қўлларим ачишяпти. Бекорга емас. Марра анча яқинлашди. Чанқамаяпман. Яна озгина қолди. Шамолдан завқланмаяпман. Сўнги тирмашиш. Ҳаяжон йўқ. Мен осмондаман. Лекин…, лекин, кўринишим ачинарли ҳолга келиб қолган. Кийимларим йиртилган, оёқларим лой, сочларимдан ёрқинлик юқолган. Менимча қайтиб пастга тушмасам керак. Демак, бу либосларнинг менга кераги йўқ. Уларни ечдим. Баданимда аллақандай совуқлик югурди. Қуёш қани? Пастда кўринмайди. Ундан юқорилаганим учун аразлаб кетган бўлса керак. Терим оқара бошлади. Бу мақсадимга етганим бўлса керак. Само. Оламга берилган ва қайсидир маънода забт етилган чексизликнинг ажойиб бир намунаси. Мен чексизликни эгалладим. Мен… мен осмонга қарайман. Бўлмайди. Қуёш кўзимни қамаштиряпти.
Одилжон Раҳматов