“Кўнгил кўзи” Бухорода
Лондонда чоп этилган брайл ёзувидаги инглиз тилидаги мазкур китобларни мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари хурсандчилик билан қабул қилиб олди.
Бухоро вилоятидаги 24-махсус кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчиларига инглиз тилидаги бадиий адабиётлар топширилди. Мазкур тадбир “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида Миллий масс-медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Лондонда чоп этилган брайл ёзувидаги инглиз тилидаги мазкур китобларни мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари хурсандчилик билан қабул қилиб олди.

–30 йилдан буён ушбу муассасада инглиз тилидан ўқувчиларга дарс бериб келяпман, – деди мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Лола Раҳмонова. – Ҳар бир инсон аввало китоб ўқиб, ўрганибгина маълум бир соҳанинг мутахассиси бўлиши мумкин. Йиллар давомида ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ берардиму, ушбу берган билимларимни мустаҳкамлашлари учун чет тилидаги бадиий адабиётларни мутолаа қилишларини истардим. Аммо бизда бундай имконият йўқ эди. Шукрки, орзуларимиз рўёбга чиқяпти. Биз каби имконияти чекланганлар учун ўқувчиларнинг ўқиб-ўрганиб, жамиятга нафи тегадиган инсонлар бўлиб етишиши учун ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётганидан бағоятда миннатдормиз. Шу ўринда келажакда ушбу муассасадан ҳам инглиз тилида равон гаплаша оладиган, имконият яратилса кенг аудиторияли олимпиадаларда фахрли ўринларни эгаллайдиган ўқувчилар етишиб чиқишига сўз берамиз. Билдирилган ишонч ўз самарасини беради.
Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида мактаб кутубхонасига яна 58 дона жаҳон адабиёти дурдоналари ҳам туҳфа этилди.
