Кўмир брикети – қулай ва тежамкор
Бухоро вилоятида куз-қиш даврида аҳоли ва бюджет ташкилотларининг кўмир ҳамда ундан тайёрланадиган брикетга бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш, ички бозорни сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, аҳолининг арзон ва тежамкор ёқилғи манбаларига бўлган талабини қондиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Бухоро вилоятида куз-қиш даврида аҳоли ва бюджет ташкилотларининг кўмир ҳамда ундан тайёрланадиган брикетга бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 2 июлда қабул қилинган “Республикада кўмир брикетлари ишлаб чиқариш ва сотишни комплекс ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлаётир. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлашда кўмир брикети ишлаб чиқарувчи кичик бизнес субъектлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Вобкент кўмир пардоз” хусусий корхонаси ана шулардан биридир.
– Ўтган йил охирида иш бошладик, – дейди корхона раҳбари Шомирза Нуров. – Кўмир кукунидан брикет ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишда ўз маблағимиз ҳамда “Халқ банки”нинг Вобкент тумани филиалидан олинган 50 миллион сўмлик кредит қўл келди. Кунига 15 тоннагача хомашёни қайта ишлаш қувватига эга корхонамизда замонавий технологик ускуналар ўрнатилган. Иссиқлиги ва бошқа хусусиятларига кўра брикет кўмирга яқин туради, лекин чиқитсизлиги билан ундан афзал. Брикетнинг 10 килограммли қопларда қадоқланаётгани истеъмолчиларга манзур бўлмоқда.
Корхона ҳозирга қадар истеъмолчиларга 100 тоннадан зиёд маҳсулот етказиб берди.
– Мен ўтган йили шу ердан брикет харид қилган эдим, уйни иситишга жуда қулай экан, – дейди шофирконлик Эркин Қурбонов. – Нархи ҳам анча арзон. Бунинг устига тежамкорлиги уйдагиларни ҳам хурсанд қилмоқда.
Маълумки, ҳар қандай корхонанинг барқарор ишлаши аввало хомашё таъминотига боғлиқ. Бу борада “Вобкент кўмир пардоз”да муаммо йўқ. Корхона “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятидан хомашёни тўғридан-тўғри шартнома асосида олмоқда. Демак, истеъмолчилар эҳтиёжи ўз вақтида қондирилади.