Кўчмас мулкка тақиқ қўйиш тартиби қандай?
Адлия вазирлиги мутахассислари фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан тушаётган саволларга жавоб беришда давом этади.
Адлия вазирлиги мутахассислари фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан тушаётган саволларга жавоб беришда давом этади.
Савол: Уйимни сотиш мақсадида ҳужжатларни расмийлаштириш учун нотариусга борсам, уй тақиқда эканини айтишди. Кўчмас мулкка тақиқ қўйиш тартиби ҳақида тушунтириб берсангиз.
Жавоб: Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда кўчмас мулкка нисбатан тақиқ қўйилиши мумкин. Мол-мулкка тақиқ қўйиш суд, тергов, прокуратура органлари, шунингдек, суд ижрочилари ва давлат нотариал идораси нотариуслари томонидан амалга оширилади:
Нотариус томонидан тақиқ қўйилганда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатга белги қўйилади ва бу ҳақда тақиқлар ҳисобини олиб борувчи давлат нотариал идорасига маълумот берилади.
Бунга банклар, кредит ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга уй, квартира, уй ёки квартиранинг бир қисми ва бошқа кўчмас мулк сотиб олиш ёки қайта таъмирлаш ва бошқа мақсадларда берилган қарзларнинг қайтарилишини таъминлаш учун кўчмас мулк гаровга қўйилгани сабаб бўлиши мумкин. Гаров шартномаларини тасдиқлаш вақтида мазкур кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги давлат нотариуси кўчмас мулкка нисбатан тақиқ қўяди. Бу ҳақда “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасига хабарнома юборади.
Кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлангани ва хатлангани тўғрисидаги хабарлар давлат нотариал идорасида мавжуд тақиқлар ва хатловларни рўйхатга олиш китобига киритилиб қўйилади. Зарур ҳолларда тегишли ҳужжатларга асосан юқоридаги органлар томонидан тақиқ бекор қилинади.
Савол: Автомашинамни ижарага бермоқчи эдим. Бу қандай тартибда расмийлаштирилади?
Жавоб: Қонунчиликка кўра, автомототранспорт воситасининг ижара шартномаси нотариус томонидан фақат махсус гербли бланкада тасдиқланади.
Ижара шартномаси яшаш жойи, доимий ёки вақтинчалик пропискадан қатъи назар, исталган нотариал идорада расмийлаштирилиши мумкин.
Ижара шартномасини тасдиқлаш учун нотариал идорага тарафларнинг паспорти; автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (техпаспорт); агар автомототранспорт воситаси эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулки бўлса, эрнинг (хотиннинг) розилиги; агар автомототранспорт воситаси гаровда турган бўлса, гаровга олувчининг розилиги; агар шартнома вакил томонидан тузилаётган бўлса, унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома) каби ҳужжатлар тақдим этилади.