Оммавий ахборот воситалари ходимлари, фаол ёшлар учун Андижон ёшлар технопаркига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар Андижон ёшлар технопаркининг замонавий инфратузилмаси, техник имкониятлари, лабораторияси, “InnoX” дастури ва унинг натижалари билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги “Республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган Андижон ёшлар технопаркининг асосий мақсади ёшларни илм-фан, инновация ва замонавий технологиялар соҳасига жалб этиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рақобатбардош касбларга ўргатишдан иборат.
– Ўтган давр мобайнида технопарк томонидан 8 минг 300 нафар ёшлар замонавий таълим, инновацион ва ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этилди, – дейди Андижон ёшлар технопарки раҳбари Шоҳрухбек Ғуломов. – Бунда “InnoX” бизнес-инкубатор ва акселератор дастури доирасида олиб борилган ишлар муҳим аҳамият касб этди.
[gallery-24361]
Ўтган 2024 йил ва жорий йилнинг шу кунгача бўлган даврда дастурларнинг 3 та мавсуми ташкил этилиб, 503 нафар ёшдан ариза қабул қилинди. Улардан 140 нафари дастурга жалб этилди, натижада 82 та стартап лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар 225 та маҳаллий ва халқаро грант дастурларига, жумладан, “President Tech Award”, “Akademik harakatchanlik”, “Tumar Venture Fund”, “Bo‘lajak olim”, “EcoExpo 2025”, “Aloqa Venture” каби танловларга йўналтирилди. Натижада 29 та стартап лойиҳа учун умумий қиймати 8,31 миллиард сўм миқдорида инвестиция жалб этилди.
Жорий йил апрель ойида “Aloqa Venture” томонидан ташкил этилган “Инвесторлар куни” тадбирида технопарк иш олиб бораётган ёш мутахассисларнинг “Space Agro” va “Edu Compass” лойиҳаларининг ҳар бирига 20 минг АҚШ долларидан, “Tokcha” лойиҳасига эса 30 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилди.
Шунингдек, иштирокчилар технопаркда ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш борасида вилоятдаги профессионал ва умумтаълим муассасалари билан ҳамкорликда “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар билан ҳам яқиндан танишди.
Лойиҳа доирасида Андижон вилоятидаги 8 та профессионал ва 30 та умумтаълим мактабининг 2 минг 400 нафардан ортиқ ўқувчиси учун “Web dasturlash”, “Grafik dizayn” ҳамдa “SMM” йўналишлари бўйича 25 дан ортиқ маҳорат дарслари ўтказилди.
Бугунги кунда технопаркда 10 дан ортиқ замонавий йўналишлар – “Wеб дастурлаш”, “СММ”, “График ва wеб дизайн”, “Компьютер саводхонлиги”, “Робототехника”, “Киберхавфсизлик”, “Мобил дастурлаш” бўйича ўқув курслари фаолият олиб бормоқда. Айни кунда мазкур курсларда 155 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Технопаркда ташкил этилган “FabLab” лабораторияси юқори аниқликдаги прототиплаш, 3Д шаклда чоп этиш, металлга ишлов бериш имконини берувчи лазер технологиялари билан жиҳозланган.
Технопаркда жорий йилнинг биринчи ярмида 10 дан ортиқ муҳандислик ишланмалари ишлаб чиқилган. Лаборатория инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 15 та замонавий ускуна олиб келинган.
Шунингдек, пресс-тур доирасида “InnoX” дастури, "Demo day" лойиҳаси тақдимоти, молиялаштирилган стартаплар билан танишув, турли лойиҳа ва стартаплар юзасидан мулоқотлар ўтказилди. Муваффақиятли амалга оширилаётган қатор лойиҳа ва стартапларнинг фаол иштирокчиларига технопарк раҳбарияти томонидан ваучер ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари