Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун тиббий кўрик ташкил этилди.
Журналистлар нафақат эндокринолог, балки филиалнинг кардиолог, окулист, невропатолог сингари мутахассислари кўригидан ўтиб, саломатлиги тўғрисида маълумотга, диабет ва бошқа хасталиклар бўйича тушунчага эга бўлди. Соғлом турмуш тарзининг асослари тушунтирилди.
Тадбирдан сўнг матбуот анжумани ташкил этилиб, ноябрь ойида ўтказилган “Қандли диабет ойлиги” якунлари ҳақида маълумот берилди.
– Бугунги кунда дунёда 1,9 миллиард киши ортиқча вазн муаммосига дуч келган, 450 миллион нафарга яқин киши қандли диабетга чалинган, – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали врач-эндокринологи Юлдуз Абдурозиқова. – Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг 46 фоизида ҳам ортиқча вазн билан боғлиқ муаммо бор. Уларнинг 18 фоизи семизлик, 8,7 фоизи эса қандли диабет билан касалланган. Ҳа, семизлик ҳам бугун хасталик даражасига чиқмоқда. Чунки бунинг оқибатида кўплаб касалликлар келиб чиқяпти ва одамлар соғлом турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айни пайтда вилоятимизда қандли диабетга чалинган 42 минг 300 нафар бемор диспансер назоратига олинган. Улардан 509 нафарини болалар ташкил этмоқда. Касалликнинг кўп учраётгани ва ёшариб бораётгани сабабли қирқ ёшдан ошган аҳолини ҳар йили скрининг текширувидан ўтказиш йўлга қўйилди. Кенг омма ўртасида соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаолликнинг тарғиботи кучайтирилди. Жумладан, жорий йилда вилоят бўйича 793 минг нафардан ортиқ 40 ёшдан ошган, хавф гуруҳидаги аҳоли скринингдан ўтказилди. Бунинг натижасида 15 мингга яқин кишида диабетолди хасталиги, 31 минг фуқарода семизлик, 3 минг 600 нафардан ортиқ юртдошимизда қандли диабет эрта аниқланди. Ҳар йилги анъанага кўра, ноябрь ойида ўтказилган диабет ойлигида филиалимиз мутахассислари томонидан вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида, йирик корхона ва ташкилотлар, муассасаларда бепул тиббий кўрик ҳамда тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири