Журналистлар ҳақида фильм яратилди
Пойтахтимиздаги "Ренессанс кино уйи"да "Ёшлик" киностудияси томонидан тасвирга олинган “Журналист” бадиий фильмининг ёпиқ тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Мазкур бадиий фильмда ёш ва шижоатли журналист Раъно исмли қизнинг адолатсизликка қарши кураши ҳақида ҳикоя қилинади.
Ёш журналист ўзини исботлаш илинжида муҳим ишга қўл уради ва оддий кўринган воқеа ортида катта жиноий тизим яширинганини англайди. Босим ва таҳдидларга қарамай, у шов-шув учун эмас, адолат ва инсон тақдири учун курашиш зарурлигини тушуниб етади...
Газетада муҳаррир бўлиб ишлайдиган Раъно адолат излаб келган отахонга ёрдам беришга қарор қилади ва ўзи жиноят бўйича суриштирув ўтказа бошлайди. Унинг курсдош дўсти, собиқ блогер Рустам билан биргаликда узоқ вилоятлардан бирида олиб борган суриштирув жараёнида улар катта ҳажмдаги кўзбўямачиликларни фош қилади. Бу ҳолат ҳудуддаги катта таъсирга эга бўлган Ғолиббек Олмосов ва унинг одамларига зарар келтириши мумкин эди.
Олмосовнинг ёрдамчиси Лочин Раънога жим туриши эвазига катта миқдорда пул таклиф қилади ва унга таҳдид қила бошлайди. Раъно ўз виждони ва қўрқувлари ўртасидаги кураш гирдобида қолади…

Сценарий давомида Раъно жабрланувчи бир қизнинг тақдири ва Олмосовнинг жияни Асфандиёрнинг жиноий ишларини ўрганади. Воқеалар ривожида тезкор ходим Жасур ҳам пайдо бўлади, у Раъно ва Рустамдан Олмосовга қарши далиллар тўплашда ёрдам сўрайди. Раъно ва Рустам кузатув, таъқиб остида қолишади, аммо журналист қиз Раъно ўз ишини охиригача етказишга қарор қилади.
Ушбу бадиий фильм ҳақиқат ва адолат учун кураш, журналистиканинг жамиятдаги ўрни, инсон виждонининг коррупция ва қўрқув устидан қозонган ғалабаси хусусидаги фильмдир.
Н.Усмонова, ЎзА